Янгиланиш, фаровонлик айёми

Ташрифлар: 114

Сана: 16.03.2017 16:53

Қадим манбаларда, хусусан, улуғ боболаримиз Маҳмуд Қошғарийдан тортиб, Беруний ёхуд Алишер Навоий ва Амир Темур даврида битилган асарлар, солномаларда ҳам Наврўз байрами – Йилбошининг ўтиш тартиби, бу муборак айём билан боғлиқ урф-одатлар, халқона ўйинлар ниҳоятда гўзал тасвирланган. Уларнинг қай бирини санашни билмаймиз. Энг асосийси, ана шу китобларнинг аксариятида бу қутлуғ байрам катта-катта майдонларда, сайлгоҳларда чинакамига халқ тантанаси тарзида нишонланганлиги маълум.

Шарқ халқлари орасида Наврўзи оламнинг номланиши турлича, яъни, янги кун,  янги фасл, янги йил бўлса-да, мазмун-моҳияти бир хил: яшариш, янгиланиш, тозариш байрами сифатида талқин этилаверади. Шу маънода Президентимизнинг жорий йил 28 февралда имзолаган “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимизни руҳлантириб юборди. Ана шу ҳужжатда Наврўзи оламни диёримизнинг барча шаҳару қишлоқлари, овул ва маҳаллаларида кенг миқёсда, умумхалқ сайиллари тарзида  нишонланиши юртдошларимизга ўзгача кайфият бағишлади.

Энг ардоқли байрамимизни муносиб ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилаётган мазкур қарорда халқ сайилларига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Аҳамиятли жиҳати шундаки, шу куни ҳар қайси инсон нафақат ўз оила аъзолари, қадрдонлари ва таниш-билишларини, балки барчани, миллати-элати, диний эътиқодидан қатъи назар, ҳаммани қутлаб, чин дилдан соғлик-омонлик, бахт ва омад тилайди. Қолаверса, айни шу дамларда халқимизга хос бўлган бағрикенглик ва меҳрибонлик, кексаларнинг дуосини олиш, муҳтож ва кўнгли ярим одамларга беминнат ёрдам бериш каби юксак фазилатлар яққол намоён бўлади. Энг муҳими, ҳар бир ватандошимиз бу кунда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, тотувлик, аҳиллик тобора мустаҳкамланишини, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлишини Яратгандан тилайди.  Шунинг учун ҳам бу байрам айни истиқлол йилларига келиб Ватанимизда яшаётган барча халқлар интиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ тантанасига айланиб қолди. 

Бу йилги Наврўз айёмида, эътибор берадиган бўлсак, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг улуғвор мақсадлари ҳам ўз аксини топаётир. Яъни, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда янги босқичда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, хайрли саъй-ҳаракатлар моҳиятида, энг аввало, юртдошларимизнинг яшаш тарзини сифат жиҳатидан янада кўтариш, энг асосийси, ҳар бир фуқарони ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашдек эзгу ниятлар мужассам.

Бир сўз билан айтганда, юрти тинч, кўнгли хотиржам халққа байрамлар татийди. Қолаверса, тинч­лик, осойишталик, тотувлик барқарор бўлган давлатда инсон буюк ва олижаноб орзуларини кўнглига тугиши ҳамда уларнинг ушалишидан қалби қувончга тўлиб,  ўз иқтидори,  қобилияти ва салоҳиятини Ватан, халқ равнақи учун сафарбар этаверади. Демак, Наврўз ҳам ҳар биримизнинг қалбимизда, тафаккур ва руҳиятимизда ўзгача уйғониш, ўзгариш ясашига ишонамиз. 

Эркин ХОЛБЎТАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O`zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!