Матонат ва жасорат мактаби

Ташрифлар: 25

Сана: 12.01.2017 15:06

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни... Бу сана йилнинг биринчи байрами эканида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Чунки барча айёмларнинг асоси тинч­ликдир. Осойишта юртга эса байрамлар ярашади.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан “Жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлод – бизнинг энг катта бойлигимиз” мавзуида маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция­миз аъзоси Рустам Қобилов, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

– Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилди, – деди  ҳарбий қисм командири Одилжон Аҳроров йиғилганларга мурожаат қилар экан. – Натижада жанговарлиги, тактик маҳорати жиҳатидан ҳеч кимдан кам бўлмаган тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган миллий армиямиз шаклланди. Бугун ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки садоқат, матонат ва жасорат мактаби, миллий армиямиз эса мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги ва халқимиз осойишталигининг ишончли кафолатидир. Биз – ҳарбийлар зиммамиздаги вазифаларга доимо улкан масъулият билан ёндашишимиз,  давлатимиз раҳбарияти, халқимиз томонидан билдирилган ишончни оқлашимиз зарур.

Партиямизнинг парламент қуйи палатасидаги вакили Р. Қобилов ўз сўзида, жумладан,  ҳаётини Ватан ҳимояси билан боғлаган ўғлонлар учун барча шароит ва имконият яратиб берилаётгани, хусусан, ҳарбий хизматчилар турар-жойлар билан таъминланаётгани, сўнгги йилларда барча тоифадаги ҳарбий хизматчиларнинг ойлик маоши бир неча баробарга ошгани уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий ифодаси эканини алоҳида қайд этди.

Партиямизнинг бошқа вакиллари ҳам ҳарбийларни байрам билан самимий қутлаб, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни спорт мусобақаларига жалб этиш, ҳақиқий ватанпарварларни тарбиялаш нафақат мамлакатимиз мудофаасининг мустаҳкамланишига, балки навқирон авлоднинг баркамол бўлиб улғайишига ҳам хизмат қилиши хусусида сўз юритдилар.  

Тадбир ниҳоясида сидқидилдан хизмат қилиб, сафдошларига намуна кўрсатаётган бир қанча аскар ва офицерларга O`zLiDeP совғалари, ташаккурномалари топширилди.   

Беҳзод Исроилов 

“ХХI asr”мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!