Тинчлигимиз, осойишталигимиз ва тараққиётимиз посбонлари

Ташрифлар: 16

Сана: 12.01.2017 15:12

Юртимизда анъанага айланган ва ҳар йили нишонланадиган умумхалқ байрамларимиздан бири – Ватан ҳимоячилари кунидир. Агар мушоҳада юритилса, бунда ҳам ўзига хос маъно-мазмун, ҳикмат мужассам эканига амин бўласиз. Чунки, истиқлол йилларида давлат ва жамият қурилишининг турли жабҳаларида эришган ютуқларимизнинг асоси – диёримизда ўрнатилган тинчлик, миллатлараро тотувлик, мамлакат хавфсизлигини сақлаш борасидаги чора-тадбирлар, амалга оширилган ва изчил давом эттирилаётган туб ислоҳотлар билан узвий боғлиқдир.

Зеро, ўз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлай олган давлатгина мустақил бўлиб, улкан мақсадлар сари интилади. Миллий армиямизни тузиш, шакллантириш ва ривожлантиришдек улкан тарихий жараёнга раҳнамолик қилган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда: “Қуролли Кучларимиз – Ватанимиз осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ҳамда тараққиётимиз кафолатидир”. 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг вужудга келишида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз парламентининг 1992 йил 14 январдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамият касб этди. Унга кўра, собиқ Иттифоқ Қуролли Кучларининг республикамиз ҳудудида жойлашган барча қисмлари, ҳарбий ўқув юртлари, муассаса ва ташкилотлари ҳамда бошқа ҳарбий тузилмалари Ўзбекистон Респуб­ликаси юрисдикциясига ўтказилди. Биринчи Президентимиз раҳбарлигида ҳарбий соҳага оид ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилди. Соҳага оид қонунчиликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди. “Мудофаа тўғрисида”, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Мазкур муҳим ҳужжатларнинг қабул қилиниши миллий армиямизнинг салоҳияти, жанговарлик даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ўз Қуролли Кучларини тузишда БМТнинг ҳуқуқий меъёрлари, қатор халқаро ҳужжатларнинг талабларига тўлиқ амал қилинди.

Миллий армиямиз ривожланишининг кейин­ги босқичларида мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини кучайтиришга,  кам сонли, бироқ яхши қуролланган, халқимиз ва Олий Бош қўмондан томонидан қўйилган ҳар қандай вазифаларни бажаришга қодир бўлган армияни шакллантиришга асосий эътибор қаратилди. Ҳарбий қисм ва бўлинмаларни замонавий қурол ва ҳарбий техника билан таъминлаш, тезкор ҳаракатланадиган профессионал армияни шакллантириш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, муқобил ҳарбий хизмат соҳасидаги ислоҳотлар шулар жумласидандир.

Айниқса, ёш, маҳоратли кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Урганч шаҳарларида ҳарбий мутахассисларни тайёрлайдиган лицейлар ташкил этилди. Қуролли Кучлар академияси, Тошкент умумқўшин командирлари, Самарқанд автомобилчи командир-муҳандислар, Чирчиқ танкчи командирлар-муҳандислар, Жиззах авиация билим юртлари, Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультетида турли йўналишдаги ҳарбий мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.

  Бундан ташқари, Қуролли Кучларимиз сафини тўлдириш тартиби изчил ва босқичма-босқич такомиллаштирилди. Миллий армияни ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида Ватан ҳимоячилари учун қатор имконият ва имтиёзлар яратилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Бир неча марта тинчлигимизни кўролмасдан, осуда ҳаётимизга дахл қилишга уринган экстремист, террорчи-жангариларнинг ғаразли ҳаракатларини тез фурсатда бартараф этишда миллий армиямиз ўз куч ва имкониятларини намоён этди. Ўша жангларда ҳарбийларимиз ўз зиммаларидаги вазифани шараф билан адо этишгани, баъзи аскар ва зобитларимизнинг эса муқаддас бурчга содиқ қолиб жон фидо қилишгани боис, айни пайтда халқимизнинг ўз миллий армиясига бўлган ишончи ва меҳри ўзгача.

Бугунги кунда миллий армиямизда хизмат қилиш ўзбек йигитлари учун нафақат конституциявий бурч, балки улуғ орзу-ниятга айланди. Чунки, ҳарбий қисм тавсияномаларига кўра, ҳарбий хизматни ўтаган йигитларимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тўпланиши мумкин бўлган максимал баллнинг 27 фоизи миқдорида имтиёзга эга бўлишгани, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший аҳволи, яшаш ва хизмат қилиш шароитларини яхшилаш, иш ҳақи ва таъминотини ошириш масалаларининг тизимли равишда босқичма-босқич ҳал этиб борилаётгани бунга асос бўлмоқда.

Ҳозирда ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар ҳар томонлама тайёргарликка эга десак, муболаға эмас. Зеро, улар лицей ва коллежларда таълим-тарбия олган, замонавий ахборот коммуникация технологияларидан хабардор, хорижий тилларни пухта эгаллаган, ўз мустақил фикри ва дунёқарашига эга ёшлардир. Америкалик сиёсатшунос Глеб Хларднинг Ўрта Осиё давлатлари орасида фақат Ўзбекистонгина ўз чегараларини турли экстремистик хуруждан мустақил ҳимоя қила олади, деган фикрини эндиликда кўплаб хорижлик мутахассислар, ҳарбийлар эътироф этишмоқда.

Чиройли аскарий либос кийган, юриши, қатъийлиги ўзига ярашган,  ўз йигитлик бурчини шараф билан ўтаётган, еру кўкда энг замонавий ҳарбий техникаларни моҳирлик билан бошқараётган ўғлонларимизни кўриб, беихтиёр бир замонлар бошқа миллат вакилларига, жумладан, ўзбек йигитларига ҳарб ишига уқувсиз, техникаларни бошқаришга нолойиқ, деб қаралганини, уларни асосан, қурилиш ва иккинчи даражадаги қисмларда хизмат қилишга мажбур қилишгани эсга тушади. Зукко инсонлар бундай сиё­сатнинг моҳияти – қўрқув, ёлғон, алдовдан иборат эканини яхши билишарди...

Мустақиллик даврида Биринчи Президентимиз томонидан давлатимизнинг тинчликпарвар сиёсат олиб бориши, ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, қуролли низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилиш, аскар ва офицерларимизни бошқа ҳудудларга юбормаслик, ўзга давлат ҳарбийларини ҳам ўз юртимизга киритмаслик, мамлакатимиз ҳудудларининг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини ишончли таъминлаш каби асосий йўналишлар амалга татбиқ қилинди. Уларнинг изчил давом эттирилиши кенг жамоатчилик томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.

Шу кунларда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз – фахру ғуруримиз!” шиори остида жойларда маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Яқинда Жиззах давлат педагогика институтида ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилояти ҳарбийларининг ота-оналари, яқинлари ўз фарзанд­лари билан видеомулоқотда бўлишди.

– Менинг ўғлим ҳам йигитлик бурчини ўтаб қайтган, – дейди O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Нодира Алимова. – Шу сабаб, мулоқот давомида аскарларнинг оналари кўнглидан қандай туйғулар ўтаётганини ҳис қилиб турдим. Фарзандининг Ватан ҳимоячиси деган шарафли номга лойиқ кўрилгани ота-онани бир қувонтирса, жигарбандининг хизмат давомида  жисмонан чиниққани, дунёқараши ўсгани икки карра суюнтиради.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“ХХI asr”мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!