Президентимиз Олмалиқ шаҳрида қурилаётган уй-жойлар билан танишди

Ташрифлар: 142

Сана: 11.08.2017 15:52

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларида намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Олмалиқ шаҳри марказидаги 5/2 массивида қурилаётган 7 қаватли, 2 ва 3 хонали турар-жой биноларини бориб кўрди. Ўн беш йилга имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган мазкур уй-жойларда айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Бу каби уйлар ғиштдан қурилаёгани ҳар томонлама фойдали, деди Президентимиз. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Бундан ташқари, табиий таъсирларга чидамли. 

Давлатимиз раҳбари мазкур уйларда яратилган шароитлар билан танишди. Мутасаддиларга қурилиш ишларини сифатли бажариш, иншоотларни ўз вақтида қуриб битказиш ва топшириш юзасидан тегишли топшириқлар берди. 

Президентимиз Олмалиқ шаҳри аҳолиси билан мулоқот қилди. Самимий ва очиқ ўтган суҳбатда шаҳар фаоллари ва ёшлар давлатимиз раҳбарига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётнинг турли жабҳаларида аниқланаётган долзарб масала ва муаммолар тезкорлик билан ҳал этилаётгани учун миннатдорлик билдирди. 

ЎзА

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!