PROTODAY.UZ: Элга камарбаста депутат

Ташрифлар: 148

Сана: 02.10.2017 8:59

Сариосиё туманидаги “Санжарбек файз-барака” хусусий корхонаси 2012 йили ташкил этилган эди. Бир йилча олдин корхона раҳбари Собир Жумаев фаолиятини кенгайтириш мақсадида банкдан кредит сўраб мурожаат қилди, деб ёзади Uzlidep.uz

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир қарор ва фармони бевосита биз тадбиркорларнинг манфаатларини кўзлаб қабул қилиняпти, – дейди у. – Бу эса ишга янгича ёндашувни тақазо этади. Ана шу мақсадда биз ҳам нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш эвазига корхонамиз фаолиятини кенгайтиришни ният қилдик. Акциядорлик тижорат Халқ банкининг Сариосиё туман филиалидан молиявий кўмак сўрадик. Афсуски, ҳадеганда ишимиз юришавермади. Кредит ажратиш пайсалга солинаверди…

Кейин нима бўлди дейсизми? Собир Жумаев шу йилнинг 28 июль куни халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоси Мақсуда Зариповага мурожаат қилди. Орадан кўп ўтмай, “Санжарбек файз-барака” хусусий корхонасига 160 миллион сўм кредит ажратилди.

– Давлатимиз раҳбари шу йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида депутатлар халқимизнинг оғирини енгил қилиши, сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиши бугунги куннинг муҳим вазифаси эканини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас, – дейди O‘zLiDeP Сариосиё туман Кенгаши аппарати раҳбари Умиджон Худойқулов. – Ўша учрашув сиёсий партиялар ҳамда депутатларнинг сергак тортишига, ўз зиммасидаги масъулиятни янада теранроқ англашига туртки бўлди. Маҳаллий кенгашда Мақсуда Зариповадан ташқари партиямиздан яна 8 нафар депутатимиз бор. Айни кунларда Алижон Эшматов, Очилди Хидиров ва Ботир Розиқов каби халқ вакиллари ҳам ўз ҳудудларидаги тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилишда ибрат кўрсатишмоқда.

Дарвоқе, фаол ва ташаббускор депутат Мақсуда Зарипова кам таъминланган оилалар, кекса ва ногиронлар ҳолидан ҳам тез-тез хабар олади. Ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар кўмагида уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишларига бош-қош бўлмоқда.

– Яхшилик ҳеч қачон унутилмайди, – дейди Шарғун шаҳри Боғишамол маҳалласида яшовчи Шаҳло Самадова. – Оилада 11 кишимиз. Гулбаҳор опам биринчи, Санобар опам эса иккинчи гуруҳ ногирони. Саксон ёшли онамнинг кўзлари ожиз, кўп йиллардан бери қандли диабет касаллиги безовта қилади. Рўзғор тебратиш оғир бўлиб қолганидан кейин Мақсуда Зариповадан ёрдам сўрадик. Депутатимиз “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва муравватли ҳомийлар билан бирга доим ҳолимиздан хабар олиб турибди. Халқ дардини ўйлайдиган яхши одамлар кўпаяверсин…

Бахтиёр АЛИҚУЛОВ,

“ХХI asr” мухбири

PROTODAY.UZ

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!