Ислом Каримовнинг ишончли вакили Қорақалпоғистон Республикасида сайловчилар билан учрашди

Сана: 23.03.2015 14:53

Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримовнинг ишончли вакили сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Кегайли, Хўжайли, Нукус тумани ва Нукус шаҳрида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда номзоднинг ишончли вакили, Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раиси Ш.Уснатдинов номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.

Дастурда хусусий мулк ва тадбиркорлик соҳасини кенг ривожлантириш, саноатга замонавий технологияларни жорий қилиш ва янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, маҳаллийлаштириш дастурини ривожлантириш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, экологик муаммолар чуқурлашиб бораётган, сув ва ер ресурслари чекланган бизнинг шароитимизда ирригация ва мелиорация ишларини давом эттириш, ерларнинг унумдорлигини янада ошириш, экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, энг янги агротехнологияларни жорий этиш, аграр тармоқдаги таркибий ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш энг муҳим устувор йўналишлардан бири эканлиги қайд этилган.

Учрашувларда Кегайли туман “Нуроний” жамғармаси раиси Б.Саманов, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Б.Искандаров, Хўжайли туман Фермерлар Кенгаши бошлиғи Ж.Тўремуратов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман Кенгаши бошлиғи С.Ибрагимов, Қорақалпоқ давлат университети профессори М.Ибрагимов, Нукус давлат педагогика институти илмий ишлар бўйича проректори М.Жалелов ва бошқалар тинчлик ҳукм сураётган даврда мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланаётганини, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил юксалиб бораётганини қайд этдилар. Ислом Каримов номзодини қўллаб-қувватлаш бу борадаги ишларимизнинг изчил давом эттириш, аҳоли осойишталигини ва фаровонлигини таъминлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.   

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримовга овоз беришга чақиради!

O‘zLiDeP матбуот хизмати.

190