Ислом Каримовнинг ишончли вакили Каттақўрғон ва Пахтачи туманлари сайловчилари билан учрашди

Сана: 22.03.2015

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримовнинг ишончли вакилларининг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.

Каттақўрғон ва Пахтачи туманлари сайловчилар билан ўтказилган учрашувда жамоатчилик вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари,  қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Учрашувларда номзоднинг ишончли вакили, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилоят бўлими раиси Хасан Нормуродов сайловчиларни  номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.

Дастурда мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли даромадлари ва ҳаёт сифатини муттасил ошириб боришга оид муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, инвестициявий  муҳитни янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида урғу берилган.

Шунингдек, хусусий мулк ҳамда хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш, бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, иқтисодиёт ҳамда бошқа соҳаларда давлатнинг иштирокини танқидий қайта кўриб чиқиш, ирригация ва мелиорация ишларини давом эттириш, ерларнинг унумдорлигини янада ошириш, экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, энг янги агротехнологияларни жорий қилиш, фермерлик ҳаракатини янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш масалалари бундан буён ҳам доимий эътиборда бўлиши қайд этилган.

Учрашувларда  Каттақўрғон тумани “Пайшанба” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Қамариддин Ахмедов, 1-мактаб директори Дилором Ибрагимова, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шодиёр Амиров ва бошқалар юртимизда истиқлол йилларида катта ютуқлар қўлга киритилганлигини қайд этиб, Ислом Каримов номзодини қўллаб-қувватлаш бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, иқтисодиётни янада тараққий топтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини бундан-да юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда муҳим кафолат бўлишини таъкидладилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси cайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримовга овоз беришга чақиради!

O‘zLiDeP Матбуот хизмати