Ислом Каримовнинг ишончли вакили Тошкент шаҳрида сайловчилар билан учрашди

Сана: 26.03.2015

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент шаҳрида ҳам Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримовнинг ишончли вакили сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Ишончли вакил, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомходжаев Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманлари сайловчилари билан учрашув ташкил қилиб, номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.

Дастурда мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва истиқболи, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини белгилаб беришга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган энг муҳим устувор вазифа - бу хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш ва бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, иқтисодиётда ҳам, фаолиятимизнинг бошқа соҳаларида ҳам давлатнинг иштирокини танқидий қайта кўриб чиқиш кераклиги, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик соҳасига кенг имкониятлар бериш, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини янада изчил ошириб боришга оид муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизнинг энг муҳим устувор йўналишлардан бири эканлиги қайд этилган.

Учрашувларда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Эркин Искандаров, Олий Мажлис сенати аъзоси А.Шин, тадбиркор Музаффар Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, эл-юртимизнинг бугунги фаровон ҳаёти, шаҳар ва қишлоқларимизнинг замонавий қиёфа касб этиб, тобора гўзал ва обод бўлиб бораётгани, диёримизнинг эртанги кунига, ўз келажагига ишонган жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлод вояга етаётгани, мамлакатда тинчлик ва миллатлараро тотувлик қарор топганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримовга овоз беришга чақиради.   

 

O‘zLiDeP Матбуот хизмати