Таянч нуқталар сарҳисоби

Ташрифлар: 163

Сана: 18.03.2017 15:12

O‘zLiDeP Каттақўрғон туман Кенгаши таркибидаги бошланғич партия ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Уларда таянч нуқталарнинг ўтган йилдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, қуйи бўғин раислари ва уларнинг ўринбосарлари сайланмоқда.

“Ойбек” кўп тармоқли фермер хўжалигида фаолият кўрсатаётган бошланғич партия ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилишида қуйи бўғин фаолиятини янада такомиллаштириш, партия электорати вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда ечимини кутаётган муаммолар бўйича асосли таклифлар билдирилди.

– Бошланғич партия ташкилоти етакчиси сифатида ўз зиммамизга олган масъулиятни чуқур англашга интилар эканмиз, юртимизда, жамиятимизда кечаётган ҳар бир ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, иқтисодий жараёнлардан тўлиқ бохабар бўлишимиз ва шу аснода ўз иш фаолиятимизни йўлга қўйишимиз зарур, – дейди қуйи бўғин етакчиси Ибодулло Мардонов. – Шу мақсадда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида партиянинг устувор вазифалари ва бунда бошланғич партия ташкилотларининг роли ҳақида атрофлича фикрлашиб олдик. Фикримча, Стратегияда белгиланган вазифаларни маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда амалга оширсак, партиянинг бугунги кундаги мавқеи ошади, аъзолар сафини янада кенгаяди.   

Ҳисобот йиғилишда шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фермер хўжаликлари раҳбарларини ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, партиянинг мақсад ва вазифаларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этишда партия қуйи бўғинларининг ўрни ва ролини ошириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда бошланғич партия ташкилоти фаолияти қониқарли деб топилиб, Ибодулло Мардонов қайта раисликка сайланди.

Тумандаги “Қуштепа”, “Қарадарё” сингари маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Рустам Пластекс” корхонасида ташкил этилган таянч бўғинлар фаол ва ташаббускорлиги, етакчилиги ва аъзолар сонининг кўплиги билан бошқа қуйи бўғинлардан ажралиб туради. 

 “Қорадарё” МФЙ қошида фаолият юритаётган қуйи бўғинда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишида таянч нуқтанинг 2016 йилдаги фаолияти таҳлил этилиб, 2017 йил олдида турган режалари белгилаб олинди.  

– Ўтган давр мобайнида корхона, ташкилотлар ва касб-ҳунар коллежларида партия мақсад ва вазифаларини, айниқса, Президентимизнинг мамлакатда тадбиркорликни ривожлантиришга оид Фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган қатор семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказдик, – дейди қуйи бўғин етакчиси Абдурашид Сармонов. – Бугунги ҳисобот-сайлов йиғилишида ҳам бошланғич партия ташкилотнинг фаолиятини янада кучайтириш, депутатлар билан қуйи бўғин ҳамкорлигида олиб бориладиган ишларда аниқ натижаларга эришиш, партия аъзолари сафини кенгайтириш ва бошқа бир қатор долзарб масалалар ҳақида фикрлашиб олдик.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!