Ургутда 5,5 минг янги иш ўрни яратилади

Ташрифлар: 305

Сана: 20.04.2017 16:06

“Ургут” эркин иқтисодий зонанинг барпо этилиши минтақа иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу иқтисодий зона ҳудуддаги бой хомашё ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини кўпайтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони эса мазкур соҳада олиб бориладиган ишларни янги босқичга олиб чиқди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан, мазкур Фармонда белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳамда жорий йилнинг 14-15 апрель куни муҳтарам Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари ва кўрсатмалари  тадбиркор ва ишбилармон доира вакиллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик ҳамда депутатлар иштирокида ташкил этилган амалий мулоқотда атрофлича ўрганилди ва таҳлил этилди.

Эътироф этилганидек, Фармонга мувофиқ шу кунга қадар “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Ургут туманида "Ургут-1", Нуробод туманида "Ургут-2" ва Пастдарғом туманида "Ургут-3" ҳудудлари ташкил этилди. Ушбу ҳудудлар учун жами 816 гектар ер ажратилиб, уларни зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган. Бугунги кунда енгил саноат, маиший техника, тиббиёт жиҳозлари, фармацевтика, чарм-пойабзал, канцелярия моллари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айни пайтда хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан 2017-2018 йилларга мўлжалланган 83 лойиҳа тайёрланган, уларнинг 20 таси жорий йилнинг ўзида ишга туширилади.

Умумий қиймати 250 млн. АҚШ долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳалар тижорат банклари кредити ва таъсисчиларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Натижада 5,5 минг та янги иш ўрни ташкил этилади.

– Жорий йилнинг иккинчи чорагида йилига 15 минг тонна 100 фоиз импорт ўрнини босувчи экспортга йўналтирилган полеуретан маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “DERKIM POLIURETAN URGUT” Ўзбекистон–Туркия қўшма корхонасини ишга туширилиши режалаштирилмоқда, – дейди “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дериктор ўринбосари Ғайрат Абдурахматов. – Лойиҳа қиймати 6 млрд. 250 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу янги корхона ишга туширилиши билан 65 та янги иш ўрни яратилади.

Айни пайтда мазкур ҳудудда  40 саноат корхонаси, жумладан, 19 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда 1 минг 200 га яқин киши иш билан таъминланган. Ўтган йили қиймати 157,5 млрд. сўмлик 20 турдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, экспорт ҳажми 10 млн. АҚШ долларидан ошди. Хусусан, бу ерда маҳаллий хомашёдан гилам ва гилам маҳсулотлари, синтетик тола, электр духовкалар, газ плиталари, бир марта ишлатиладиган пластик идишлар, полимер елим ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда. 

Бугун барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш истиқболларини белгилашда эркин иқтисодий зоналар фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда, – дейди Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Отабек Ахтамов. –Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14-15 апрель куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида "Ургут" эркин иқтисодий зонасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан зарур топшириқлар берган эди. Бу барча даражадаги депутатлар зиммасига алоҳида маъсулият юклади. Бугунги амалий мулоқот давомида биз депутатлар бу ерда қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олдик. "Ургут" эркин иқтисодий зонасида ҳар чоракда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар билан танишиб, амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар, киритилиши керак бўлган инвестициялар, тадбиркорларга яратилаётган имкониятларни ўрганиб борамиз. Агарда камчиликлар кузатиладиган бўлса, депутатлик ваколатимиздан фойдаланган ҳолда мавжуд муаммолар ечимига доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиб, зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Амалий мулоқотда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиш, маҳсулотлар сифатини ошириш, экспорт фаолиятини ривожлантириш, ташқи бозорларни ўрганиш ва хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, хориждаги индустриал зоналар фаолиятини ўрганиш ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш, эркин иқтисодий зоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга бўлган талабни ўрганиш, тадбиркорлар ва инвесторларга бериладиган қулайлик ҳамда имтиёзлар юзасидан фикрлар алмашилди.

Тадбир иштирокчилари “Ургут” эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатаётган корхоналар фаолияти, ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари билан яқиндан танишишди.

ФОТОЛАВҲАЛАР

Бектош Шодиев,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!