Механизм яратилди

Ташрифлар: 60

Сана: 04.01.2017 14:39

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Хўш, нима учун халқ билан мулоқот масаласи айнан бугунги кунда устувор масалага айланди? Бу саволга жавоб топиш учун энг аввало мулоқот сўзининг маъносига эътиборни қаратсак. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида қайд этилишича, “мулоқот” сўзи  “учрашув,” “мусоҳаба” маъноларини ифодалайди. Бугунги кунда мулоқотнинг электрон қабулхона, халқ қабулхонаси, халқ ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериш каби шакллари пайдо бўлди.

Халқимиз азалдан мулоҳазали, сабрли ва шукрона яшаш фазилатини ардоқлаб, ўзи ҳам шунга амал қилиб келган. Арзимас камчилик ва етишмовчиликлар учун  турли идорага бориб арз қилишни ёмон кўради. Бироқ адолатсизликка дуч келса борми...

Зеро, адолатсизлик хотиржамликка путур етказади, хотиржамлик бўлмаган жойда эса тараққиёт ва барака бўлмайди.

Бундай ҳолат рўй бермаслиги учун ҳар бир мурожаатни синчковлик билан ўрганиб, уни ўз жойи ва вақтида ҳал қилиш лозим. Бунинг учун раҳбарлар халқ дардига бефарқ бўлмаслиги керак. Манфаат сўзи луғатда “фойда, даромад” маъносини англатади. Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан келгуси йилдан бошлаб ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилиши белгиланди. Тасаввур қиляпсизми, энди давлат идоралари халқ олдига бориб ҳисобот беради! Энди одамлар мутасадди раҳбарнинг қабул кунида навбат кутиб ўтирмасдан “халқ қабулхоналари” орқали мурожаат қилишади. Раҳбарлар эса айнан халқ манфаатлари қандай ҳимоя қилинаётгани хусусида ҳисобот беради ва шу жойда яна улуснинг фикрини эшитиб, уларни бартараф қилиш чора-тадбирини кўради.

Шунингдек, Президентимиз ўз маърузасида Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши ва тегишли хулоса бериши лозимлигини ҳам кўрсатиб ўтди. Энди қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ижро ҳокимияти қуйи ташкилотларини ҳам назорат қилиши кучайтирилади. Бунда давлат идоралари фаолиятида халқ билан мулоқотнинг қандай йўлга қўйилгани ва инсон манфаатларига қандай хизмат кўрсатаётгани депутатларнинг диққат марказида бўлади. Муҳими, муаммолар ўз ҳолига ташлаб қўйилиб, тўпланиб қолмайди, ўз вақтида ва ўз жойида ҳал бўлади.

2017 йилдан бошлаб Олий Мажлиснинг ҳар қайси вилоят бўйича бир йилга мўлжалланган иш режасини белгилаб олиши кўзда тутилмоқда. Эндиликда, Президентимиз таъкидлаганидек, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат раиси жойларга чиққанларида маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларидан улар ўз зиммасидаги вазифаларни қай даражада ижро этаётганига, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни, мурожаатларни қандай ҳал қилаётганига алоҳида эътибор қаратишлари лозим бўлади. Бу борадаги ишларни ташкил этишда парламент сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатлардан кенг фойдаланиш лозимлиги ҳам уқтириб ўтилган. 

Энг муҳими, катта-ю кичик раҳбарларнинг халқ билан яқиндан ошкора фаолият юритиш кўникмаси янада кучаяди, аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари билан боғлиқ муаммоларини ўз вақтида ҳал қилишга киришилади.  Халқнинг давлатга ишончи ортиши келажакка ишончни мустаҳкамлайди. Бундай давлат ривожланади, барқарор тараққий этади. Шундай одилона, пухта ўйланган йўл билан истиқболда буюк давлат барпо этишимизга шубҳа бўлмайди.

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис

институти профессори

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!