Оилам ва юртим фаровонлиги учун овоз бераман!

Ташрифлар: 5

Сана: 21.11.2016 15:58

Жойларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “O‘zLiDeP электорати Президент сайловида” лойиҳаси доирасида хотин-қизлар иштирокида сайловолди акциялари ташкил этилмоқда.

Айтиш жоиз, бугунга қадар “Оилам ва юртимда барқарор тинчлик, фаровонлик учун овоз бераман” мавзудаги акциялар Республикамизнинг Навоий, Наманган, Жиззах, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасида ҳам ўтказилди.

Уларда тадбир иштирокчиларини, хусусан, хотин-қизларни O‘zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ва Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар билан таништирилди. 

Солижон Мўминов, Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаш раиси:

– Акция давомида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг Сайловолди дастури билан танишгач, Биринчи Президентимиз олиб борган ислоҳотлар яна давом этишига амин бўлдим. Ана шундай устувор вазифалар O‘zLiDePдан номзоднинг сайловолди дастуридан алоҳида ўрин олган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, қишлоқ врачлик пунктлари, тез тиббий ёрдам хизмати, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўрилиши назарда тутилган.

Нигора Саимова, O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши Аёллар билан ишлаш бўлими мудири:

 –Ўзбекистонда хотин-қизларга, айниқса, мўътабар аёлларимизга бўлган хурмат ва эътибор ниҳоятда баланд. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзоднинг сайловолди дастури билан танишиб, хотин-қизларга бўлган эътибор бундан кейин ҳам юксак даражада бўлишига ишонч ҳосил қилдим .Зотан, дастурда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигига кўмаклашиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, уларга юксак даражада ғамхўрлик кўрсатиш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилишига катта аҳамият қаратилган. Фақат шугина эмас, дастурда ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши бўлган соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган.  

Гулистон Аралбаева, Халқ депутатлари Қонликўл туман кенгаши депутати:

– Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида давлатимиз томонидан она ва бола саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, миллатимиз генафондини асраш, оила ва жамият мустаҳкамлигини таъминлаш борасида изчил сиёсат юритилди. Энг муҳими, бу йилларда амалга оширилган тизимли ишлар ҳар томонлама ўзини оқлади. Хотин-қизлар фаоллигида ўтказилаётган мазкур акцияда келгусида ана шундай эзгу ишлар доимий давом этишига ишонч ҳосил қилинди. Чунки номзоднинг сайловолди дастурида ижтимоий соҳани ривожлантириш, айниқса, соғлиқни сақлаш ва хотин-қизларга бўлган эътибор ва ғамхўрликларни янада кучайтиришга алоҳида урғу берилган.  

Тадбирларда қайд этилганидек, номзод Дастурида тиббий-ижтимоий жабҳада амалга оширилиши режалаштирилган изчил ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз саломатлигини муҳофазалаш, соғлом ва баркамол авлодни камолга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Жойларда ўтказилган акциялар давомида сўзга чиққанлар сайловчиларни халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш мақсадида ҳаётий ғояларни илгари сураётган Шавкат Мирзиёевни бўлажак сайловда қўллаб-қувватлашга чақирди!

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!