Сайлов – очиқлик, ошкоралик ва масъулият бирлиги

Ташрифлар: 55

Сана: 14.11.2016 12:56

Жорий йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сйловида иштирок этиш учун Самарқанд вилоятида 2 млн. 373 минг 738 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Айни пайтда эса бўлажак сайловни умумэътироф этилган демократик тамойиллар, халқаро андозалар ва миллий сайлов қонунчилиги асосида юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Айниқса, жойларда ўтказилаётган турли тарғибот-ташвиқот ишлари, тадбирлар, семинар ва учрашувлар фуқароларнинг сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қошидаги тарғибот-ташвиқот гуруҳлари учун ташкил этилган ўқув-семинари ҳам айни шу мақсадга қаратилган.

Уларда асосан, демократик жамиятда сайловларнинг ўрни ва роли, сайлов хуқуқи принциплари, талаблари ва шартлари, сайлов жараёни ва унинг асосий босқичлари, сайлов комиссияларининг хуқуқий мақоми, сайлов участкалари тузиш тартиби, сайловчилар рўйхати ва уни тузиш тартиби, сайловолди ташвиқоти тушунчаси, унинг шакллари ва ўзига хос хусусиятлари, фуқароларнинг сайлов хуқуқлари кафолатлари, овоз бериш ва овоз натижаларни аниқлаш тартиби хақида хуқуқий билим ва кўникмаларга эга бўлишга эътибор қаратилди.

–Айни вақтда партиянинг Самарканд вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қошида 17 та тарғибот гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда, – дейди O’zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг ташкилий-партиявий ишлари бўйича ўринбосари  Амрилло Ахмедов. – Эътиборлиси, уларга 217 нафар ҳаётий ва партиявий тажрибага эга бўлган партия фаоллари, сиёсатшунос олимлар, партиядан сайланган барча даражадаги депутатлар жалб қилинган. Зеро, бўлажак сайловда муносиб иштирок этиш учун тарғибот гуруҳлари ишини жонлантириш, ҳар бир тарғиботчини зарур услубий қўлланмалар билан таъминлаб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир давомида шунингдек, номзоднинг дастурий мақсад ва ғояларини кенг оммага етказиш, уларни уйлантираётган масалаларни ўрганиш, тарғибот-ташвиқот ишларининг таъсирчанлигини ошириш ҳамда ҳудудлардаги мавжуд камчилик ва муаммоларни биргаликда таҳлил этиш лозимлиги таъкидланди.

Ўқув-семинари қизғин мунозаралар ва ўзаро фикр алмашиш руҳида ўтди.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!