Ш. Мирзиёевнинг ишончли вакили жиззахлик сайловчилар билан учрашди

Ташрифлар: 21

Сана: 15.11.2016 16:06

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президент сайловининг муҳим босқичларидан бири – сайловолди ташвиқоти қизғин давом этяпти. Жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёенинг ишончли вакили Акром Иномовнинг Бахмал ва Арнасой туман сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар билан таништирди.

Номзоднинг Сайловолди дастурида бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун мамлакатимиз миқёсидаги қатор мақсадли дастурларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Хусусан, қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

–O‘zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастури билан танишиб, тўғриси ниҳоятда хурсанд бўлдим, – дейди Бахмал тумани “Эшмурод Санақул” фермер хўжалиги раҳбари Бердали Санакулов. – Сабаби, унда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш устувор вазифа деб белгиланган. Шу билан бирга 2017-2020 йилларга мўлжалланган дастурга мувофиқ, экин майдонларини оптималлаштириш, пахта майдонларини босқичма-босқич қисқартириш назарда тутилган.

Учрашув давомида сўзга чиққанлар тинчлик ҳукм сураётган даврда мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланаётганини, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил юксалиб бораётганини қайд этишди. Энг муҳими, номзодни қўллаб-қувватлаш бу борадаги ишларимизнинг изчил давом эттириш, аҳоли осойишталигини ва фаровонлигини таъминлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.  

Тадбир сўнггида номзоднинг ишончли вакили сайловчиларни бўлажак сайловда фаол иштирок этишга чорлади ва барчани Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!