Сайловчи – депутат: ютуқлар ўз йўлига, муаммоларга ечим излайлик!

Ташрифлар: 205

Сана: 05.05.2017 13:11

Парламент – халқ ҳокимияти ҳисобланади, зеро, унинг фаолиятида аҳоли ўзи сайлаган вакиллари орқали иштирок этади. Билвосита вакил эса депутатдир. Демак, депутатларнинг аҳоли билан тез-тез жонли мулоқотларда бўлиб, уларнинг дард-у муаммоларига қулоқ тутиб, мақбул ечим топиш йўлида амалий чоралар кўришидан ҳамма ютади: жамият ҳам, фуқаро ҳам.

САМАРҚАНД Халқ дарди, қувончу ташвишларига шерик бўлиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш йўлидаги ибратли ишларни давом эттириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари айни пайтда вилоятнинг Каттақўрғон туманида аҳоли ҳузурида бўлиб туришибди. Депутатларимиз режа асосида маҳаллий кенгашлар депутатлари билан ҳамроҳликда гуруҳларга бўлиниб, фаол иш олиб боришаётир. Эътиборлиси, катта-кичик муаммоларнинг барчаси атрофлича таҳлил қилингандан сўнг қисқа фурсатда ҳал этиляпти. Ишга бундай ёндашув эса одамларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишга хизмат қилаяпти, десак сира муболаға бўлмайди.

– Каттақўрғонга келганимиздан буён кўплаб хонадонларга кирдик.  Юртдошларимиз билан дилдан суҳбатлашдик. Бунинг натижасида ижросини кутиб турган кўплаб масалалар юзага чиқмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров. – Биргина “Мўминхўжа” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлганимизда йиллар давомида одамларни қийнаб келаётган бир нечта муаммолар ўз ечимини топди. Хусусан, электоратимиз вакили, тадбиркор Шаҳруз Йўлдошевга фаолият юритиши учун банк терминали зарур экан. Унинг талаби тезда қондирилди. Шунингдек, маҳалладаги трансформаторларнинг аллақачон таъмирталаб аҳволга келиб қолгани ва бу борада бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилинган бўлса-да, иш ортга суриб келинаётгани маълум бўлди. Мазкур масалани ижобий ҳал этиш учун туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат этдик ва дастлабки ҳаракатлар бошлаб юборилди. Умуман олганда, ҳаммани бирдек ўйлантираётган муаммолар жойида ўрганилиб, уларни имкон қадар ижобий ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз.

Бу галги учрашувларда эътиборимни тортган жиҳатлардан бири, борган сари аҳолининг мурожаат маданияти даражаси ҳам, айтиш керакки, босқичма-босқич юксалиб бормоқда. Бугун сайловчилар бизга фақат ижтимоий-маиший ёки шахсий масалалар юзасидан мурожаат қилиш билан чекланмаяпти. Эндиликда улар бизга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари тўғрисида асосли саволлар ҳам беришмоқдаки, бу ҳолат бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга, изланишга ундамоқда. Бу эса парламентда қабул қилинаётган қонунларнинг янада пишиқ ва пухта тайёрланишига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, бугунги сайловчи кечаги сайловчи эмас. Баландпарвоз гаплар энди беҳуда. Бошқача айтганда, сайловчилар ишончини қозониш, уларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш кўп жиҳатдан жойларда учраётган турли масалаларни самарали ҳал қилиш, электорат манфаатларини таъминлаш йўлида аниқ натижага эришишга боғлиқ. Шу маънода депутатларимиз халқ ичига чуқурроқ кирган ҳолда улар билан елкама-елка туриб муаммоларни ўз жойида, ўз вақтида ҳал этишга интилмоқдалар.

***

ҚАШҚАДАРЁ Парламент қуйи палатасидаги партиямиз фракцияси аъзолари Қаҳрамон Эргашев, Гулшана Худоёрова ва Ўткир Бўтаевлар ҳам Қарши тумани аҳолиси билан қизғин мулоқот олиб бормоқдалар. Депутатларимиз дастлаб Чароғил, Дашт қишлоқ, Хониён маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқлар хонадонларида бўлиб, аҳоли бандлиги ва фаровонлиги йўлида қилинаётган ишлар билан атрофлича танишдилар.

  – Икки кун мобайнида 150 дан ортиқ хонадонга кириб чиқдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўткир Бўтаев. – 30 га яқин ижтимоий объектлар фаолиятини ўргандик. Аҳоли томонидан қилинаётган мурожаатлар электр ва газ, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, йўлларни таъмирлаш борасида бўлмоқда. Ўтган вақт мобайнида, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, боғдорчилик, лимон кўчатларини етиштириш, сақлаш, парваришлаш, етказиб бериш каби фаолият билан шуғулланиш учун кредит сўраб мурожаат этган 15 нафар фуқаронинг бизнес лойиҳалари билан танишдик ва кредит олишда кўмаклашяпмиз.

– Кўп йиллардан буён томорқамизда сабзавот экинлари етиштириш биз учун орзу бўлиб келаётганди, – дейди “Дашт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Хониён қишлоғида яшовчи Ибрат Бегимқулов. – Чунки оқова сув қишлоғимизга берилмасди. Катта-катта майдонлар тиконзор бўлиб ётарди. Сув бўлмагандан сўнг, ҳеч қандай экин кўкармайди-да. Депутатлардан оқова сув масаласида амалий ёрдам беришларини сўрадик. Қисқа фурсатда илтимосимиз қондирилди. Эндиликда бемалол деҳқончилик қилишимиз мумкин. Бунинг учун депутатлардан миннатдормиз.

Сайфулла ИКРОМОВ, Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr” мухбирлари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!