Сайловчилар тарғибот тадбирларида фаол

Ташрифлар: 24

Сана: 02.12.2016 17:36

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган барча йўналишларни кенг аҳоли қатламига тушунтириш, уларни бўлажак сайловда фаоллигини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Ходжаева Фарғона шаҳар сайловчилари билан учрашди.

Унда М.Ходжаева йиғилганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастури билан таништирди.

Таъкидланганидек, Президентлик сайлови ҳар биримиз, бутун эл-юртимиз учун яна бир жиддий синов вазифасини ўтайдиган, халқимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини яққол кўрсатадиган ғоят муҳим тадбир саналади. Сабаби, сайловда ҳар бир одам ўзи учун, айни вақтда мамлакатимиз келажаги учун овоз беради.

М.Ходжаева Дастурда белгиланган асосий вазифалар тўғрисида сўз юритар экан, таркибий ўзгаришлар сиёсатини олиб бориш, саноатни диверсификациялаш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишни таъминлаш кейинги даврда энг устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.

Шунингдек, Фарғона вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот охирги беш йилда 1,6 баробар ўсгани, унинг таркибида саноатнинг улуши 23,6 фоиздан 27,5 фоизга етганини, саноат маҳсулотининг 96 фоиздан ортиғи кимё, нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, машинасозлик ва қурилиш материаллари тайёрлаш каби замонавий тармоқларда ишлаб чиқарилаётганини қайд этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, бугун дунёнинг турли бурчакларида ҳунрезликлар, турли хил низоли зиддиятлар бўлаётган бир пайтда мамлакатимиз аҳолиси шундай тинч ва осуда, мусаффо осмон остида фаравон ҳаёт кечираётганини фахр билан тилга олдилар.

Учрашув сўнггида Мавлуда Ходжаева жорий йилнинг 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Президентлик сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал - демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!