Шароитлар етарли, фақат...

Ташрифлар: 259

Сана: 19.05.2017 15:56

Навоий вилоятининг Кармана тумани аҳолиси азалдан ишбилармонлиги, меҳнатсеварлиги билан ном қозонган. Сабаби, туманда тадбиркорлик, фермерлик билан шуғулланмайдиган оиланинг ўзи йўқ. Кимдир сартарошхона, янада кимдир гўзаллик салони очиб, одамлар оғирини енгил қилмоқда, оиласи даромадига ҳисса қўшмоқда.

Бугунги кунда туманда ишбилармон хотин-қизларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, инвестициявий лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишга зарур ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилгани эса аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга кенг замин яратаяпти. Албатта, бунда жамоат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партиялар кўмаги муҳим омил бўлмоқда.

Бу ҳақда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар Ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг Кармана туман Кенгаши томонидан “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичида алоҳида таъкидланди.     

–Мамлакат иқтисодиётида аёллар иштирокидаги хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини ошириш, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш долзарб вазифалардан саналади, – дейди Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ш. Носирова. – Тўғри, бугунги кунда аёллар ташаббускорлиги туфайли чекка ҳудудларда ҳам замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмаси яратилиб, гўзаллик салонлари, савдо дўконлари, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари, тикувчилик корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Бироқ замон олдимизга қўяётган талаблар бу борадаги ишларимизни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Демак, бандликни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш жараёнида олий ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмалари ҳам фаол иштирок этишлари зарур.

Танлов давомида ишбилармон, ҳунарманд, фермер хотин-қизларнинг маҳсулотлари, айниқса, миллий йўналишдаги либослар намойиши, қўл меҳнати билан ясалган турли хил буюмлар танлов иштирокчиларида ўзгача кайфият улашди. Ўз навбатида, ҳакамлар ҳайъати ҳам иштирокчиларни кўрик-танлов низомига мувофиқ, иш фаолиятидан келиб чиқиб, адолатли баҳолаб боришди.

– Туманимизда хотин-қизларнинг мустақил бизнес фаолиятини йўлга қўйиши учун барча қулайлик яратилган, – дейди “Hasham quruvchi servis” МЧЖ иш юритувчиси, танловнинг 1-ўрин соҳибаси Майрам Аъзамова. – Албатта, бунда партия ва тижорат банклари ҳамкорлигида олиб борилаётган амалий ишлар юқори натижа бермоқда. Бир сўз билан айтганда, бу каби танловлар биз, тадбиркор аёлларга кўрсатилаётган моддий ва маънавий кўмак фаолиятимизни кенгайтириш, янги-янги лойиҳалар устида ишлашимизда муҳим омил бўлаётир.

Танлов якунида хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришда ҳамда аёллар бандлигини таъминлашда ташаббус кўрсатган иштирокчилар “Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Ташаббускор аёл”, “Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл” каби номинациялар бўйича  тақдирландилар.

          O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!