Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили aндижонлик сайловчилар билан учрашмоқда

Ташрифлар: 6

Сана: 24.11.2016 12:26

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили иқтисод фанлари доктори, Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Абдурауф Абдуллаев Қўрғонтепа, Хонобод, Марҳамат ва Булоқбоши туманлари сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни партиянинг вилоят Кенгаши раиси Зухриддин Жумабоев кириш сўзи билан очиб, бўлажак сайловларни ўтказиш бўйича вилоятда олиб борилаётган тарғибот ишлари ҳақида сўз юритди ва сайловчиларни Президентлик сайловларида янада фаолроқ иштирок этишга чорлади.

Шундан сўнг, ишончли вакил А.Абдуллаев номзоднинг таржимаи холи ҳамда  сайловолди дастури билан таништирди.

Қайд этилганидек, номзод дастурида халқимиз фаровонлигини таъминлаш, фуқароларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини амалга ошириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини янада кенгайтириш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиши устувор вазифа деб белгилаб қўйилган. 

Ишончли вакил дастурда белгиланган устувор вазифалар ҳақида сўз юритаркан, соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида қишлоқ врачлик пунктлари, тез тиббий ёрдам хизмати, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада
яхшилаш ҳамда хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича аниқ
чоралар кўрилишини ҳам алоҳида эътироф этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, истиқлол йилларида мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилган изчил ислоҳотлар, халқимизнинг турмуш фаровонлигини таъминлаш йўлидаги тизимли ишларда, иқтисодиётимизнинг кескин тарзда ўсиши,  умуман, мамлакатимиз ҳаётида рўй берган барча ўзгаришларда Шавкат Мирзиёевнинг катта хизматлари борлигини мамнуният билан таъкидладилар.

Учрашув сўнггида ишончли вакил бўлажак сайловларда сайловчиларни партия номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!