Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили андижонлик сайловчилар ҳузурида

Ташрифлар: 120

Сана: 30.11.2016 14:34

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Абдурауф Абдуллаевнинг Олтинкўл, Пахтаобод, Андижон туманлари сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда ишончли вакил А.Абдуллаев номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда  сайловолди дастури билан таништирди.

Қайд этилганидек, Андижон вилоятида яқин беш йилда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжудларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича умумий қиймати 2 триллион 400 миллиард сўмлик 981 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Озиқ-овқат саноатида шу даврда 162 та, енгил, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида 506 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Жумладан, Андижон шаҳри, Асака, Бўз, Пахтаобод, Булоқбоши, Шаҳрихон туманларида замонавий тўқимачилик корхоналари ташкил этиш ҳисобидан вилоятда пахта толасини қайта ишлаш даражаси ҳозирги 56 фоиздан 2021 йилда 82 фоизга етказилади.

Шунингдек, вилоятда умумий қиймати қарийб 220 миллион доллар бўлган 14 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.Мисол учун, Қўрғонтепа туманида қиймати 110 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 33 миллион метр квадрат ип-газлама, 11 миллион метр квадрат паҳмоқ, 3,5 миллион дона паҳмоқ буюм ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади.Бундан ташқари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ва бошқа тармоқларда 413 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Номзод дастурида шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини тубдан яхшилаш, ижтимоий инфратузилма тармоқларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши қайд этилган.Унга кўра, Андижон вилоятида, жумладан Андижон ва Хонабод шаҳарларида келгуси йилнинг  ўзида 1 минг 165 та арзон намунали уй-жойлар барпо этилади.

Тадбирда сўзга чиққанлар, номзод дастурида белгилаб берилган бу каби устувор вазифалар аҳолининг турмуш тарзини янада юксалиши, фаровон ҳаёт кечириши учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Учрашувда ишончли вакил барча сайловчиларни 4 декабр куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида O‘zLiDeP номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!