Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили хоразмлик сайловчилар билан учрашмоқда

Ташрифлар: 4

Сана: 24.11.2016 11:02

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Кенжавой Ортиқов Урганч, Хазорасп, Гурлан ва Боғот туманлари сайловчилари билан учрашди.

Унда ишончли вакил К.Ортиқов номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар билан таништирди.

Таъкидланганидек, чуқур таҳлиллар асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари, талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган, ҳар бир маҳаллани назарда тутган ҳолда, 2017-2021 йилларда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастурлари қабул қилинади.

Ишончли вакил Дастурда белгиланган асосий вазифалар тўғрисида сўз юритаркан, жамиятда ҳуқуқий  маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат,ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва уларнинг профилактикаси самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди.Шу билан бирга мамлакатимизни келгусида янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида биринчи навбатда қаратилиши зарур бўлган стратегик йўналишларга тўхталди.

–Дастурда кам таъминланган оилаларни арзон нарҳдаги турар жойлар билан таъминлаш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш, халқ таълими, тиббиёт тизимини янги босқичга кўтариш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод, кўркам бўлишини кўзлаб амалга оширилиши режалаштирилган кўплаб истиқболли лойиҳалар борки, улар сайловчиларимизга жуда ҳам манзур бўлмоқда, – дейди O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раиси Шавкат Сафарбаев.–Зеро, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик туфайли ана шундай улуғвор ғоялар жорий қилинмоқда.Албатта, буларнинг барчаси халқимиз фаровонлиги, тинч-осайишта турмуш кечиришини кўзлаб қилиняпти.Ишончим комилки, номзодимизнинг сайловолди дастур ижроси келгусида буюк келажагимизни мустаҳкам яратишда хаётбахш пойдевор бўлади.

Тадбир сўнггида ишончли вакил К.Ортиқов сайловчиларни бўлажак сайловларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаб берган улкан йўлни муносиб давомчиси бўлган Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Хоразм  вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!