Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Самарқанд шаҳри сайловчилари билан учрашди

Ташрифлар: 69

Сана: 30.11.2016 15:22

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили “Нуроний” жамғармаси раиси Ҳасан Нормуродов Самарқанд шаҳри сайловчилари билан учрашди.

Унда ишончли вакил Ҳасан Нормуродов сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништириб, барчани Президентлик сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

Қайд этилганидек, номзод дастурида мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсишида катта аҳамиятга эга бўлган 2017–2021 йилларда туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши режалаштирилган.

Дастур доирасида туризим соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, туристлар учун виза ва рўйхатга олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш,  янги туристик маршрутларни яратиш, туризм инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш бўйича махсус иқтисодий зоналар ташкил этиш белгиланган.

Ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастури ҳақида сўз юритаркан, ҳозирги кунда Самарқанд нафақат юртимизда, балки бутун дунёда тан олинган сайёҳлик марказларидан бири эканини, айниқса, вилоят бугунги кунда ҳам бутун дунё эътиборини ўзига жалб этиб келаётганини эътироф этди.

Шунингдек, Самарқанднинг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида яқин беш йилда вилоятда 40 дан зиёд янги меҳмонхона қуриш ва 12 та меҳмонхонани кенгайтириш мўлжалланаётгани, бунинг натижасида меҳмонхоналардаги ўринлар сони 7 мингтага етиши ёки ҳозиргига нисбатан 1,5 баробар кўпайишини таъкидлади.

 Учрашув сўнгида ишончли вакил барча сайловчиларни сайловда фаол қатнашиб, 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти  сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!