Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили сайловчилар ҳузурида

Сана: 02.12.2016

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг Тошкент шаҳридаги ишончли вакили Абдухаким Хаджибаев Дори воситалари тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармасида сайловчилар билан учрашди. 

Унда ишончли вакил А.Хаджибаев сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастури билан таништирди.

Қайд этилганидек, номзоднинг сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар режаси ўз ифодасини топган.

Дастурда мамлакат аҳолисини арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш, тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларнинг асоссиз равишда тайинланиши, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймаслик ва давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилишини йўлга қўйиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинган.

Таъкидланганидек, дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларидан фойдаланиш бўйича халқаро нормалар ва ривожланган давлатлар қонунчилигига мослаштирилган қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Ўзбекистонда 2021 йилгача янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир умумий қиймати 223,9 миллион долларга тенг 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ушбу ҳудудий лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган 162 та янги дори воситаларини мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва уларнинг умумий ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини беради.

Учрашувда ишончли вакил сайловчиларни Президентлик сайловида O‘zLiDeP номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!