Шавкат Мирзиёевнинг ишонли вакили Олмазор туман сайловчилари билан учрашди

Ташрифлар: 115

Сана: 30.11.2016 17:17

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдухаким Хаджибаев Тошкент шаҳрининг Олмазор туман сайловчилари билан учрашди.

Унда ишончли вакил А.Хаджибаев сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастури билан таништирди.

Таъкидланганидек,Тошкент халқи ўзининг бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёда ном қозонган. Чунки бугун азим пойтахтимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Тошкент миллати, тили ва динидан қатъи назар, уларнинг барчаси учун ҳақиқий Ватанга айланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Ишончли вакил номзод Дастурида илгари сурилган янги-янги ғоялар ҳақида сўз юритаркан, аввало, Яшнобод ва Олмазор туманларида кичик бизнеснинг инновацион технопарклари ташкил этилиши ва қиймати 102 миллиард сўм бўлган 285 та инновацион лойиҳа амалга оширилишини таъкидлади. Бунинг натижасида ташқи ва ички бозорда харидоргир бўлган 38 турдаги мутлақо янги маҳсулот ўзлаштирилиб, 6 минг 500 та янги иш ўрни яратилишини қайд этди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида қиймати 2 триллион сўмдан ошиқ ва 156 миллион долларлик жами 281 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилаётганини эътироф этди.

 Учрашувда ишончли вакил барча пойтахтлик сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга, O‘zLiDeP номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!