Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурини сурхондарёлик сайловчилар қўллаб-қувватламоқда

Сана: 24.11.2016 12:33

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуқодир Тошқуловнинг Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Денов, Сариосиё ва Шеробод туманлари сайловчилари билан учрашуви  қизғин ва савол-жавобларга бой кечди.

Учрашувда ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастурида белгиланган энг устувор вазифалар хусусида атрофлича маълумот берди.  

Қайд этилдики, истиқол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Сурхондарё вилояти ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Жорий йилнинг 9 ойида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,4 фоизга ошгани бунинг далилидир.

Ишончли вакил дастурдаги энг муҳим масалаларга эътибор қаратаркан, аввало, юртимиз ҳаётининг барча соҳаларини қамраб оладиган ва эҳтимол тутилган хавф-хатарларнинг олдини олиш, яқин ва олис истиқболга мўлжалланган энг муҳим устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган ва мамлакатимизни янада тараққий эттиришни таъминлайдиган устувор йўналишлар номзод дастуридан алоҳида ўрин олганини қайд этди. Шу билан бирга ушбу мақсадлар мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсишига, халқимизнинг турмуш фавовонлигини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.  

Тадбирда сўзга чиққанлар, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг ижтимоий-иқтисодий, таълим, маданият ва маърифат, спорт ва бошқа соҳаларда улкан натижаларга эришганини таъкидлаб, бўлажак сайлов жараёни очиқ, ошкоралик ва тенг ҳуқуқлилик шароитда ўтаётганлигини қайд этдилар.

Учрашув сўнггида номзоднинг ишончи вакили сайловчиларни 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Президентлик сайловида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодига овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

90