Уюшмаган ёшларни уюштириб

Ташрифлар: 271

Сана: 17.03.2017 16:03

Ҳаракатсиз бахт бўлмас, бекорчидан ҳамма безор, деб бежиз айтишмаган. Чунки фойдали иш билан банд бўлмаган одамнинг онгини эгаллаш, ҳар йўлга бошлаш, истаганча бошқариш мумкин. Доимий машғулоти бўлмаган киши ҳаётидан ҳам, турмушидан ҳам рози бўлмайди. O‘zLiDeP томонидан аҳолимиз, хусусан, ёшларни фойдали меҳнатга, жумладан тадбиркорликка кенг жалб этиб, соҳага оид билим ва кўникмаларини шакллантириш борасида жойларда янгича ёндашув амалга оширилмоқда.

Сирдарё вилояти Боёвут туманида “Диплом билан бизнесга-2017” лойиҳаси доирасида “Ёш мулкдор-юрт таянчи” номли семинар-тренинг ўтказилди.

Семинарга тайёргарлик асносида тумандаги маҳаллалар хонадонларига ташриф буюрилиб, 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган иш билан банд бўлмаган ёшлар ўртасида махсус саволнома ўтказилиб, уларнинг қизиқишлари, келажак режа ва ташаббуслари билан қизиқилди. Тадбиркорликка қизиқиши бору имконияти йўқ йигит-қизлар тренигга таклиф этилди ва уларга тегишли кўрсатмалар берилиб, лойиҳанинг ҳамкорлари бўлмиш қатор тижорат банклари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. 

Тренингда сўз олган “Микрокредитбанк” туман филиали кредит бўлими мутахассиси А.Омонлиқов бугунги кунда “Аҳолини тадбиркор қилиш” йўналиши бўйича тақдим қилинаётган имтиёзли кредитлар ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан:

  • чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик, томорқаларни йўлга қўйиш;
  • қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштириш, боғдорчилик ва узумчиликни ташкил этиш;
  • иссиқхоналар барпо этиш;
  • кичик ишлаб чиқариш цехларини ишга тушуриш;
  • ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш;
  • маиший хизмат кўрсатиш, жумладан, умумий овқатланиш, тикувчилик, пойабзал таъмирлаш, сартарошхона хизматини йўлга қўйиш;
  • аҳолига транспорт хизматлари ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчасини ташкил қилиш;
  • компьютер хизматлари кўрсатишни ташкил қилиш;
  • савдо фаолиятини йўлга қўйиш;
  • миллий ширинликлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқа фаолиятни амалга ошириш учун кредитлар ажратилади.

—2016-2017 ўқув йилида Боёвут туманида ўрта-махсус таълим муассасаларини 1 минг 310 нафар битирувчилар тамомлайди, - дейди туман Кенгаши депутати Муҳаммаджон Раҳмонов. —Бу эса битирувчиларни келгусида муносиб иш ўринлари билан таъминлашдек масъулиятли вазифа турганлигидан далолат беради. Бунинг учун ёшларимизни тадбиркорликка қизиқтириб, пухта тайёрлаб ўз ишларини йўлга қўишларида ёрдам берсак нафақат ўзи балки ўзи каби бир нечта тенгдошини иш билан таъминлайди.

Семинарда иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулотларни бажариб, тадбиркорликни нимадан бошлаши лозим, бошланғич маблағ, ҳамкорлик, бозор муносабатлари каби мавзуларда ўз билимларини бойитишди.

Ўқувлардан сўнг айрим иштирокчиларнинг таассуротлари билан ўртоқлашдик:

Эшонқулов Сардор:

— Бугун ҳаётимиз янгича босқичга кўтарилганини, ҳар бир ёшнинг қалбида ўзгача иштиёқ жўш ураётганини шу семинар мисолида кўргандек бўлдим. Ишлай десак, иш йўқда, деб ўтираверган эканмиз. Аслида ҳамма ерда имконият, даромад қилишнинг шунча йўллари бор эканлигини бугун қатор ташкилот масъулларининг шахсан ўзи келиб бизга англатишди. Дастмоя керакми, банк мададкор, амалий ва назарий ёрдамга муҳтожмисиз, O‘zLiDeP фаоллари ортимизда бел боғлаб туришибди. Биздан эса шу йўлни маҳкам тутиб, ҳукуматимизнинг ғамхўрлигини тўғри англаб, аввало, оиламиз, шунингдек давлатимиз ривожига, тотувлигига, тўкинлигига ҳисса қўшишдан иборат.

Мафтуна Каттабекова, Боёвут саноат касб-ҳунар коллежи 3 курс ўқувчиси:

— Бизга жон куйдираётган, ёшларга катта ишонч билдираётган юртбошимизга ва бугунги йиғилиш ташкилотчиларига миннатдорчилигимни билдираман. Бугунги фикр ва рағбатлардан сўнг тикувчиликни мукаммал ўрганиб, уни бизнес даражасига олиб чиқишни мақсад қилдим. Банкдан кредит олиб, ўз ишимни бошлайман ва дугоналаримни ҳам иш билан таъминлашга ҳаракат қиламан.

Икромов Улуғбек:

—Бугунги йиғилиш биз каби ишсиз ёшлар учун ҳам жуда фойдали бўлди. Бу ерда тенгдошларим, керак бўлса мендан кичик укаларимнинг шижоатини, интилишини, фаоллигини кўриб, ўзимга хулоса чиқардим. Мен ҳам қорамол боқиб, келгусида фермер бўлишни юрагимга тугиб қўйдим. Оилам, яқинларим, маҳалламга фойдаси тегадиган инсон бўлишга ҳаракат қиламан.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати