Сирдарёда ишбилармон аёллар сафи кенгаймоқда

Ташрифлар: 119

Сана: 29.08.2017 15:10

Қурбоной Сиддиқназаровани Сирдарё туманида кўпчилик яхши танийди. Айниқса, “Улуғбек” маҳалласида яшовчи хотин-қизлар уни тадбиркорлигига тан беришиб, ўзларига устоз деб билади. Чунки тадбиркор ўз хонадонида 100 га яқин манзарали гуллар парвариши билан биргаликда 50 турдаги уй гулларини меҳр билан кўпайтиришда туман “рекордини” қўлга киритган.

–Ерни бекор қолдириш, умрига завол бўлиш – увол, – дейди тадбиркор. – Айримлар оёғи остидаги нақд даромадни кўрмайди-да, насибасини бошқа жойлардан қидириб овора бўлади. Шундоқ қўл чўзса еткулик хазинага эришиш ҳар кимнинг астойдил тер тўкиб меҳнат қилишига, интилиши ва омилкорлигига боғлиқ. Биз оила аъзоларимиз билан гулга жуда қизиқамиз. Нега десангиз, гул экилган, турли-туман чечаклар барқ уриб ётган ҳовли, кўча ё хиёбон кўрган кўзни қувнатади, дилни яйратиб, равшан торттиради. Байрамларни-ку, гулсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, кўнглидаги эзгу ниятини бир даста гул билан изҳор этиш одамзодга азалдан одат.

Бугун маҳаллада Қурбоной опадек тадбиркорлар кўплаб топилади. Демакки, аҳолини бир мақсад яъни, ободлик йўлида бирлаштира олган маҳалла етакчилари ҳамиша фаол.

–Маҳалла фуқаролари менга ишонч билдириб туман Кенгашига депутат қилиб сайлаганидан сўнг ўз олдимга бир қатор вазифаларни қўйган эдим, – дейди Халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгаши депутати  Зухра Субхонова.– Шу боис ҳозирда сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишга, хонадонма-хонадон юриб, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишга алоҳида эътибор қаратиб келаяпман. Партия томонидан БПТ ўртасида “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош” номли лойиҳасини ташкил этилиши менга ўз сайловчиларим билан мулоқотни самарали ташкил этишимда кенг замин яратади.  

Зухра Субхонова тумандаги тадбиркор аёллардан бири ҳисобланади. Асли касби шифокор бўлишига қарамай, мана 20 йилдан буён хусусий сихатгоҳ раҳбари яъни тадбиркор аёл сифатида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Айниқса, 100 нафарга яқин аҳолини, 80 дан ортиқ ёшларни иш билан таъминлаган ушбу тадбиркор ўз бизнеси ва танлаган йўлига эга. Демакки, депутатлик фаолиятда ҳам сайловчилари билан биргаликда самарали ишларни қилишига ишониш мумкин.

Ҳа, мазкур маҳалладаги аҳолининг яшаш тарзини кузата туриб, инсоннинг қўли қанчалик самарали ишларни  бажаришга қодир эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Энг муҳими, маҳалла аҳли кимдир келиб муаммоларимизни ҳал қилиб бериши керак ёки кўпчилигимиз иш билан таъминланмаганмиз, деган боқимандалик кайфиятидан йироқ. Кундалик юмуши ва севимли машғулоти билан банд. Чунки ўзлари ишонч билдириб сайлаган депутати, маҳалла раиси, БПТ фаоллари ҳамиша улар билан бирга, ҳамфикр.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!