Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида

Ташрифлар: 57

Сана: 09.12.2016 16:41

O’zLiDeP Шўрчи тумани Кенгаши томонидан оналик ва болалакни ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлом фарзанд туғилишини таъминлаш, ҳомиладор аёллар соғлиғини сақлаш ҳамда бўлажак оналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Соғлом оила-мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида тиббий кўрик ўтказилди.

Таъкидланганидек, юртимизда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, соғлом ва баркамол фарзандларни камолга етказиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини  муҳофаза  қилишга қаратилган катта эътибор туфайли бугун оилаларда соғлом турмуш тарзи ҳукм сурмоқда.

–Бугун кўпчилик қатори мен ҳам фарзандларим билан тиббий кўрикдан ўтдим, – дейди Гулбаҳор Олтибоева. – Тиббий кўрик жараёнида фарзандларим анимия касаллиги билан оғригани маълум бўлди. Шифокорлар муолажаcидан сўнг, фарзандларим соғлом, ўзини анча яхши хис қилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор ва ғамхурликларнинг юксак натижасидир. Зеро, оила мустаҳкамлиги, энг аввало, турмуш қурадиган ёшларнинг ақл-заковати, маънавий дунёқараши, жамият олдидаги ўз бурчи ва масъулиятини чуқур англаб етиши каби омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис мамлакатда янги бунёд этилаётган оилаларда аввало, соғлом муҳит ва соғлом фикрни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.  

– Тумандаги қишлоқ врачлик пункитлари билан ҳамкорликда ҳафтанинг чоршанба кунлари “Соғлом оила жамият пойдевори” мавзуида давра суҳбатлари, учрашувлар  ўтказиб келамиз, – дейди O’zLiDeP туман Кенгаши аппарат раҳбари У.Қулматов. – Бундан кўзланаган мақсад оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишдан иборат. Зеро, ёшлар ҳар томонлама оилавий ҳаётга тайёр, зарур билим ва тушунчага эга бўлса, қурилаётган оила пойдевори ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

Тадбир сўнггида ташкилотчилар томонидан “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз”, “Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади”, “Соғ танда – соғлом ақл”, “Соғлом оила – соғлом жамият” каби мавзуларда маърузалар ўқилди, аҳолига кенгроқ тушунчалар берилди.

М.Жўраева,

Сурхондарё вилоят Кенгаши

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги жамиятдаги

ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири.