Маррани баланд олаётган ёшлар

Ташрифлар: 72

Сана: 06.01.2017 15:41

Мамлакатимизда баркамол авлодни вояга етказиш, уларни сифатли таълим олиши, замонавий касб-ҳунарга эга бўлиши, асосийси, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, юрт тараққиётига ўз улушини қўшиши учун кенг эътибор қаратилган. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик, ўз навбатида, навқирон авлоднинг ҳар томонлама камол топиши ҳамда ҳар бир ёшни улуғ орзулар сари илҳомлантирмоқда, мунтазам ўқиб-изланишга, янгиликлар яратишга ундамоқда.

Бугун республикамизда давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган ана шундай  кенг  имконият ва эътибор туфайли юксак салоҳиятли, истеъдодли йигит-қизларнинг сафи тобора кенгайиб, улар ҳар жабҳада  ўз қобилиятини амалда намоён этмоқда. Азиз Машрабов ҳам ана шундай истеъдодли, изланувчан ёшлардан саналади.

Бугунги кунда Термиз давлат университетида таҳсил олаётган қаҳрамонимиз ёш бўлишига қарамасдан O‘zLiDeP томонидан ўтказиб келинаётган турли кўрик-танлов ва лойиҳаларда жонбозлик кўрсатишдан сира толмайди. Қувонарлиси, тенгдошлари орасида ҳурмат-эътибор қозонган Азиз ўз устида тинимсиз меҳнат қилиб, ўзининг изланувчанлиги, тиришқоқлиги билан кўплаб натижаларга эришиб келмоқда.

–2016 йил мен учун омадли келди, – дейди Азиз Машрабов. – Боиси, йил давомида турли ютуқларга, совринларга эришдим. Асосийси, Республикамиз ҳамда халқаро миқёсида ўтказилган анжуман ва конференцияларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритишга муяссар бўлдим. Қувонарлиси, иқтидорим, салоҳиятим ва саъй-ҳаракатларим юқори баҳоланиб, 2016 - ўқув йилида “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонига сазовор бўлдим. Бу менга берилган юксак рағбат бўлди. Шу билан бирга партия томонидан ўтказилган “Ёш партия етакчилари – келажак кадрлари” лойиҳасининг доимий иштирокчисиман. Шуни фахр билан айтишим мумкинки, биз каби ёшларга шундай эътибор, имкониятлар яратиб бераётган гўзал ва мафтункор юрт фарзанди эканлигимдан жуда фахрланаман.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Азиз Машрабов илмий изланишлари давомида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг бир қатор газета ва журналларида 65 та  илмий мақолалари чоп этилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон келажаги буюк давлат. Ушбу тараққиётни  қалбида шижоати бор ёшлар барпо этмоқда. Тилагимиз юртимизда ана шундай ёшлар сафи тобора кўпаяверсин!  

З. Сапарова,

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!