Сусткашлик ёхуд Янгиер кичик саноат зонаси фаолиятида кўзга ташланаётган камчиликлар хусусида

Ташрифлар: 199

Сана: 12.10.2017 18:19

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилишда ушбу зоналардаги натижалар қониқарли эмаслигини алоҳида таъкидлаган эди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари масаласига қайта-қайта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бепоён юртимизнинг ҳар бир қисми ўзига хос катта салоҳиятга эга. Ушбу салоҳиятни тўлақонли ишга солишда бу каби янгича ёндашувларнинг ўрни беқиёс, албатта. Фақат бунинг учун бир нарса керак – масъулият ҳисси. O`zLiDeP ташаббуси билан яқинда партиянинг Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳларининг Янгиер кичик саноат зонасида амалга оширган назорат-таҳлил фаолияти давлатимиз раҳбари томонидан юқорида тилга олинган йиғилишда куюниб гапирган ҳар бир танқидий фикрлар қанчалик асосли эканлигини яна бир бор кўрсатди.

Шу ўринда O`zLiDePнинг ўз фаолиятида эркин иқтисодий зоналар кичик саноат зоналарига алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Президентимизнинг шу йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида сиёсий партиялар, хусусан, O‘zLiDeP олдига ҳам бир қатор муҳим вазифалар қўйилган эди. Жумладан, мамлакатимизда шаклланиб бораётган эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналарини ташкил этиш билан боғлиқ ишларни изчил ва самарали амалга ошириш, уларнинг натижадорлигини таъминлашда ижро ҳокимияти билан бир қаторда партиямиздан ҳам алоҳида фаоллик, ташаббускорлик талаб этилиши ана шу устувор ва долзарб вазифалардан биридир.

Шундан келиб чиққан ҳолда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва ҳудудий тузилмалари томонидан алоҳида режа ишлаб чиқилган бўлиб, бу борада тегишли ишлар тизимли равишда амалга ошириб борилмоқда. Хусусан, шу йилнинг сентябрь ойида халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 мартдаги “Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонасини барпо этиш тўғрисида”ги қарори ижроси атрофлича ўрганилди.

Мазкур қарор Янгиер шаҳрининг саноат салоҳиятини янада ривожлантириш, ички ва ташқи бозорларда харидоргир, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш ва замонавий ишлаб чиқаришни ташкил қилишга инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникация инфратузилмаларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли даромадларини ўсишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Таъкидлаш жоизки, ушбу саноат зонасида режага кўра 2017-2018 йилларда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, натижада 3200 дан ортиқроқ иш ўрни яратиш назарда тутилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш керакки, депутатлар томонидан Президент қарорининг бажарилишини ўрганиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, тегишли вазирлик, идоралар ва банкларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари номидан 18 та, маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан 30 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилди. Янгиер кичик саноат зонасининг ўзида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди ва Президентимиз имзолаган қарорнинг амалдаги ижроси юзасидан тегишли маълумотлар тўпланди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 май куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ва кенгайтирилган мажлис баёни Янгиер кичик саноат зонаси ҳудудидан мақсадли фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар режаси ижроси бўйича давлат тижорат банклари томонидан таклиф этилган лойиҳаларнинг ҳар бири бўйича бажарилиш ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, тижорат банклари томонидан жами 125 та лойиҳа бўйича 291 млрд. 922 млн. сўмлик “Йўл хариталари” ишлаб чиқилган бўлиб, ўрганиш куни 12 сентябргача 29 та лойиҳага 11 млрд. 493 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилган.

Жумладан, “Асака банк” АТБ томонидан 17 та лойиҳа бўйича 138 млрд. 199 млн. сўмлик “Йўл хариталари” ишлаб чиқилган бўлиб, 4 та лойиҳа “Рустамбек Исоқ ҳамкор”, “Қақнус Кўҳинур” КҚ, “Абдуалимов Хайдар” ЯТТ, “Темур Янгиер Сабо” МЧЖга кредит ажратилиши муддати ўтиб кетган бўлса-да, ҳамон кредит маблағлари ажратилмаган, бунинг натижасида лойиҳаларнинг бажарилиш муддати ҳам кечикмоқда.

 “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан 24 та лойиҳа бўйича 31 млрд. 064 млн. сўмлик йўл хариталари ишлаб чиқилган бўлиб, амалда эса 10 та лойиҳа бўйича атиги 2 млрд. 605 млн. сўмлик кредит ажратилган. Масалан, “Рустам Янгиер” МЧЖ келишилган 350 млн. сўм кредитдан ҳозирги вақтда бор-йўғи 120 млн. олган, холос.

Микрокредитбанк” АТБ томонидан 9 та лойиҳа бўйича 11 млрд. 565 млн. сўмлик “Йўл хариталари” ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда 3 та лойиҳа бўйича 2 млрд. 030 млн. сўм кредит ажратилган. Аммо қолган лойиҳалар бўйича “Амина савдо файз”, “Бўстон Асланбек”, “Гулистон пакет импекс”, “Акмалбек Анварбек барака савдо” ва “Анзаратхон барака савдо” МЧЖга ваъда қилинган кредит маблағлари, келишилган муддат ўтган бўлса-да, ҳанузгача ажратилмаган. Оқибатда лойиҳаларнинг бажарилиш муддати ҳам кечикиб кетаётир.

“Саноатқурилишбанк” ва Ҳамкорбанк” томонидан мини-банк ташкил этиш масаласи ҳам ҳамон ҳал этилмаган.

 “Туронбанк” ХТБ томонидан 6 та лойиҳа бўйича 4 млрд. 289 млн. сўмлик “Йўл хариталари” ишлаб чиқилган бўлса, шундан 2 та лойиҳа “Юсуфбек Инвест” ХК ва “Гулистон элегант инвест” МЧЖга кредит ажратиш масаласи ортга суриб келинмоқда.

Халқ банки” АТБ томонидан 7 та лойиҳа бўйича 12 млрд. 578 млн. сўмлик “Йўл хариталари” ишлаб чиқилган. Улардан иккитаси — “Янгиер сув қурилиш” МЧЖ, “Абдусаматбек нур савдо” МЧЖга сентябрь ойигача кредит ажратилиши режалаштирилган бўлса-да, лекин ҳалигача сусткашликка йўл қўйиб келинмоқда.

 “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК томонидан жами 5 млрд. 331 млн. сўмлик 1 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, шу жумладан, ўз маблағлари ҳисобидан 2 млрд. 132 млн. сўм ва кредит ҳисобидан 3 млрд. 199 млн. сўм ажратилиши режалаштирилган бўлса-да, бугунги кунга қадар ҳеч қандай иш амалга оширилмаган...

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP гуруҳи томонидан кичик саноат зонасининг тўлақонли фаолият юритишига халақит бераётган бошқа бир қатор камчилик ва муаммолар ҳам аниқланди:

Биринчидан, қарор ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирларда “Янгиер кичик саноат зонаси” ДУК дирекцияси фаолиятини самарали ва бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш, инвесторларга қулайликлар яратиш мақсадида барча хизмат турларини “Ягона дарча” тамойилида йўлга қўйиш, мазкур дирекция ҳудудида жойлашган, кўп йиллардан бери фойдаланилмай келинаётган, бўш турган, “Сирдарёпахтасаноатсотиш” АЖ ихтиёрида бўлган икки қаватли бинони вилоят ҳокимлиги балансига беминнат ўтказиб бериш масаласи белгиланган эди. Вилоят ҳокими томонидан бир қатор мутасадди ташкилотларга мурожаатлар қилинганига қарамасдан, бу масала ҳанузгача ижобий ҳал этилмасдан келинмоқда. Дирекция бино билан таъминланмагани боис барча хизмат турларини “Ягона дарча” тамойилида йўлга қўйиш имкони бўлмаяпти, бу эса тадбиркорлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги “Кичик саноат зоналарини барпо этиш ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 378-сонли қарори 7-бандида ҳар бир кичик саноат зоналари дирекциялари ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдори Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда аниқланиши белгиланган. Ҳозирги кунда Янгиер кичик саноат зонаси дирекциясининг ходимлар сони 4 нафар этиб белгиланган бўлиб, бу тўлақонли фаолият юритишда қийинчилик туғдирмоқда.

Учинчидан, Янгиер кичик саноат зонасида коммуникациялар ва йўл қурилиши масалаларида мутассадди ташкилотлар томонидан сансолорликка йўл қўйилмоқда. Жумладан:

- вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан Янгиер кичик саноат зонаси ҳудудининг асосий режаси (генплан) ва топо-тасвирлари харитаси ишлаб чиқилмаган. Бу эса инвесторларга ер ажратиш масалаларида муаммолар туғдирмоқда.

- “Сирдарё электр тармоқлари” АЖ томонидан ер ости ва ер усти тармоқлари, мавжуд трансформаторлар ҳақида аниқ маълумотлар ва уларнинг саноат зонаси ҳудудида жойлашиш харитаси (картада кўриниши) ишлаб чиқилмаган.

- “Сирдарёгаз” АЖ томонидан ер ости ва ер усти тармоқлари, мавжуд ГРПлар ҳақида аниқ маълумотлар ва уларнинг саноат зонаси ҳудудида жойлашиш харитаси (картада кўриниши) ишлаб чиқилмаган.

- “Сувоқова” ДУК томонидан канализация тармоқлари ҳақида аниқ маълумотлар ва уларнинг саноат зонаси ҳудудида жойлашиш харитаси (картада кўриниши) ишлаб чиқилмаган.

- “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Янгиер кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган мавжуд темир йўлларнинг бугунги кунги статуси (давлат тасарруфидами ёки хусусийлаштирганми) ҳақида аниқ маълумотлар дирекцияга берилмаган.

Қолаверса, Ховос темир йўл станциясида тўлиқ фойдаланилмаётган тепловозлардан бири дирекцияга фойдаланишга беминнат берилса ёки арзонлаштирилган нархларда ижарага берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Депутатлар томонидан бир қатор масалалар бўйича норматив-хуқуқий базада мавжуд камчиликлар ҳам аниқланди.

 Биринчидан, Янгиер кичик саноат зонаси ҳудудида мулкчиликнинг барча шаклларидан иборат корхоналар мавжуд (бўш турган ер майдонлари, хусусий мулк, давлат корхоналари, инвестиция киритиш мажбуриятлари билан ноль қийматда берилган корхоналар). Мавжуд норматив ҳужжатлар билан дирекция ва барча мулкчилик шаклида бўлган корхоналар ўртасидаги муносабатлар аниқ белгиланмаганлиги сабабли бугунги кунда дирекция фаолиятида муаммолар юзага келмоқда. Масалан, ҳудуддаги бўш турган ер майдонлари танлов комиссиянинг баёни қарорига асосан вилоят ҳокимининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқида инвесторларга ажратиб берилмоқда. Лекин улар билан дирекция қандай шартнома тузиши кераклиги норматив ҳужжатларда аниқ кўрсатилмаган.

Иккинчидан, норматив ҳужжатларда инвестор хусусий мулк биносини ижарага олиб, ёки ноль қийматда берилган объектларга лойиҳа киритганда кичик иқтисодий зона дирекцияси улар билан қандай шартнома тузиши лозимлиги, уларнинг дирекцияга аъзолиги ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи қандай белгиланиши ва бир қатор бошқа масалалар аниқ кўрсатиб берилмаган.

Эркин иқтисодий зоналардаги каби аъзолик гувоҳномаси (сертификат) кичик саноат зоналарида белгиланмаган бўлиб, кичик саноат зоналари низомида бу масалалар назарда тутилмаган. Ваҳоланки, тадбиркор бундай гувоҳномасиз кичик саноат зонасида фаолият юритаётганлар учун бериладиган солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиши муаммо бўлиб қолаверади. Тадбиркорларни ушбу саноат  зоналарига етаклаётган асосий омил аслида шу эмасми?! Шуни била туриб, ушбу масаланинг ечими пайсалга солинаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги ПҚ-3175 сонли “Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тузилган Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус идоралараро комиссияга икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар бериш вазифаси юкланганлигидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Кичик саноат зоналарини барпо этиш ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги 378-сонли қарорига айрим ўзгартишларни киритиш таклиф қилинмоқда. Хусусан, низомда кичик саноат зонасининг дирекцияси вазифалари, мажбуриятлари, ҳуқуқлари ва турли хил мулкчилик шаклидаги корхоналар билан муносабатлари, инвесторларга аъзолик ва имтиёзлардан фойдаланиш статусини берувчи расмий ҳужжат аниқ белгиланиши, агар инвесторлар томонидан тўлов кўзда тутилса, унинг аниқ миқдорлари ва бошқа масалалар аниқ кўрсатилиши лозимлиги илгари сурилмоқда.

Назорат-таҳлил давомида аён бўлган камчиликлар Янгиер кичик саноат зонасида барча мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли тавсиялар берилди. Ҳозирги вақтда ушбу йўналиш бўйича тўпланган материаллар асосида O`zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясида муҳокамалар ўтказиш юзасидан тайёргарлик кўрилмоқда. Йиғилишда шунингдек, кичик иқтисодий зоналар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида партия таклифлари ҳам яна бир бор кўриб чиқилади ва тегишли тартибда ҳукуматга тақдим этилади.

O‘zLiDeP ва унинг ҳудудий кенгашлари мамлакатимиз раҳбари томонидан партиямиз олдига қўйилган эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналаридаги ишларнинг боришини ўрганиш ишига кенг ва атрофлича ёндашган ҳолда, бу борада фақат парламент ёки депутатлик назорати билан чекланиб қолаётгани йўқ. Аввал хабар берганимиздек, партиямиз сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Янгиер кичик саноат зонасида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан амалий мулоқот ўтказилди. Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан келган 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари Янгиер кичик иқтисодий зонаси имкониятлари, бу ерда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди. Амалий мулоқотда қатнашган бир қатор тадбиркорлар ҳозирда ушбу саноат зонасида ўз ишини бошлаш юзасидан тегишли ҳужжатларни тайёрлашмоқда.

Айни пайтда Янгиер кичик иқтисодий зонаси аниқланган муаммоларни ҳал этиш мақсадида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши томонидан тегишли вазирлик ва идораларга расмий мурожаат қилинмоқда. Мақсад мавжуд камчиликларни бирин-кетин бартараф этиш орқали кичик саноат зонасида иш бошлаётган тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратишдан иборатдир.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси сектор мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!