Сўз ёш фермерларга

Сана: 27.02.2017 14:49

Мансур Шеранов, Сурхондарё вилояти “Термиз Пахтакори” фермер хўжалиги раҳбари:

Мамлакатимизда фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли 25 ёшимда 35 гектар ер майдони билан фермерлик фаолиятини бошлаган эдим. Ҳозирги вақтда фермер хўжалигимиз ер майдони 78 гектарга етди. Бундан ташқари хўжалигимизда юз бошга яқин наслдор қорамол парваришлаяпмиз. Шунингдек, хўжалигимиз қошида 10 турдаги кейим-кечаклар ишлаб чиқарувчи цехимиз бўлиб, 23 нафар  ишчи доимий меҳнат қилади. Яқин кунларда Хитой давлатидан 250 млн. сўм кредит эвазига замонавий техналогия олиб келиб мебиль ишлаб чиқарувчи корхонани ташкил этиш ва яна қўшимча 14 та иш ўрни яратишни режалаштиряпмиз.

O‘zLiDeP томонидан ўтказилган “Ёш фермер” кўрик танловининг якуний босқичида республикамизнинг турли вилоятларидан келган тенгдошларимнинг чорвачилик, паррандачиликка ва бошқа соҳаларда аҳоли фаровонлиги йўлида амалга ошираётган лойиҳалари билан яқиндан танишдик. Бу ерда олган таассуротларимни албатта фаолиятимда қўллайман.

Зарина Жуманазарова, Тошкент вилояти "Қибрай олтин мева" фермер хўжалиги раҳбари:

Кўрик-танловда мамалкатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ёш фермерларнинг ҳам ўзига ҳос ўрни борлиги алоҳида таъкидланди. Бу фикрлар менга янада шижот бағишлади, десам муболаға бўлмайди. Сабаби, ёш бўлишимга қарамай халқимизга нафи тегадиган инсон бўлганимдан, қилаётган меҳнатларим ўз самарасини бераётганидан ғурурландим. Шундай экан, эндиги вазифам, мевали дарахтлар кўчатини етиштириш, сарҳил, сифатли ва энг муҳими арзон, тўйимли, калорияли маҳсулотларни етиштириш бўлади.

Қолаверса, яқин кунларда 280 млн. сўм кредит эвазига Австрилаядан насилдор сигирларни олиб келиш бўйича шартнома имзоладик. Лойиҳамиз амалга ошса, сутни қайта ишлаб, 11 хилдаги сут ва сут маҳсулотларини тайёрлашни йўлга қўямиз. Натижада 10 нафар коллеж битирувчисини иш билан таъминлашга эришамиз.

Дониёрбек Қодиров, Андижон вилояти "Дониёрбек боғи" фермер хўжалиги раҳбари:

—Бугунги давр фермери турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш тизимини такомиллаштириш, қишлоқда қурилиш, сервис, транспорт хизматлари соҳаларини кенгайтиришга қаратилган кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантиришга ҳаракат қилмоқда. Биз ҳам фермер хўжалигимиз ривожлантириш учун астойдил хизмат қилиб келяпмиз. Бунда 25 нафар ишчиларимиз елкама елка туриб, меҳнатларни аямай келишяпти. Хўжалигимиз боғдорчилик, чорвачилик, паранддачиликк ихтисосолаштирилган бўлиб, иссиқхона ва 100 тонналик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлайдиган совуткич ҳам мавжуд. Иссиқхонада памидор, бодиринг, турли кўкатлар етиштириб маҳаллий бозорларга етказмоқдамиз.

Келажакда Қорадарёдан муқобил энергия олиш ҳисобига, фермер хўжалигимиз имкониятларини кенгайтириб мева-сабзовот маҳсулотларини қайта ишлайдиган цехни ишга тушуришни режалаштиряпман.

Бугунги кўрик-танловда ўзим тенгқур ёшларнинг амалга ошираётган ишлари билан яқиндан танишиб, тажриба алмашиш имконига эга бўлдим.

Абдулатиф Исоҳонов, Фарғона вилояти "Бойустун ота" фермер хўжалиги раҳбари:

—Биз, ёшларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда 24 ёшимда "Бойустун ота" фермер хўжалигини ташкил этдим. Ҳозирги кунда 40 нафар ёшлар меҳнат қилаётган хўжалигимизда 65 гектар ер майдони мавжуд. Ушбу ерларнинг 30 гектарида ғалла-пахта, 10 гектарида боғдорчилик, 5 гектарида чорва моллари учун озуқабоб экинлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Фермер хўжалигимиз дастлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва боғдорчиликка ихтисослаштирилган бўлса, айни пайтда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчиликни ҳам йўлга қўйганмиз.

Келгусида фермер хўжалигимизни янада кенгайтириб, унинг негизида етиштирган маҳсулотларимизни қайта ишлашни, иссиқхона ташкил этиш ниятидамиз.

Насиб этса жорий йилда тижорат банкининг молиявий кўмаги билан фермер хўжалигимиз қошида замонавий тош саралаш заводи барпо этиб, қишлоқларда қурилаётган намунавий лойиҳа аосидаги янги турар-жой массивларига қурилишбоп сифатли материал етказиб беришни режалаштирганман. Мазкур корхона ишга тушса 12 нафар ёшлар иш билан таъминланади.

 Танлов давомида тажриба алмашиш ва малакамизни ошириш мақсадида Самарқанд туманидаги “Агромир” қўшма корхонаси ҳамда “Сам ПроМ Холд”, “Аъзам Азамат Агро” ва “Истиқлол шўъласи” каби кўп тармоқли фермер хўжаликларнинг интенсив боғдорчилик, кўчат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш фаолияти билан яқиндан танишдик ва бу биз учун айни муддао бўлди. Сабаби орамизда ўз фаолиятини янги йўналишлар асосида кенгайтириш истагида бўлган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Бу жараён ўзига хос мактаб бўлди.

Шуҳрат Ғафуров, Самарқанд вилояти "Ғафуров-С боғлари" фермер хўжалиги раҳбари:

—Мамлакатимизда фермер хўжаликларининг фаолият қамрови ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлашдаги иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самара бермоқда.

Хўжалигимизда узумчилик, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш, аҳолига сервис хизмати кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Шунингдек, халқимизга ҳар мавсумда сифатли озиқ-овқат махсулотларини етказиб бериш кун талабига айланаётганлигини инобатга олиб, ҳажми 200 тонналик музлатгични ишга тушурдик.

Йиллар давомида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини ўрганиб, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб янги технологиялар асосида бир кунда 47 минг дона тухум етиштиришни йўлга қўямиз.

Ўйлайманки, халқимизнинг фаровонлиги, бахтли турмуши шу юртда меҳнат қилаётган ҳар бир инсоннинг олий мақсадидир. Қўшним тинч бўлса, дастурхони тўкин бўлса, маҳаллам обод бўлса, қишлоқларимиз гуллаб-яшнаса, халқимиз биздан рози бўлса олдимизга қўйган мақсадларимизга эришган бўламиз.

Бектош Шодиев,

O‘zLiDeP Самарқан вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

280