Тадбиркор бўлиб рўйхатдан ўтдингизми – имтиёзли кредит учун ҳуқуқни қўлга киритдингиз

Ташрифлар: 203

Сана: 19.05.2017 10:34

2017 йил 17 мартдаги ПҚ–2844-сон «Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ Марказий банк Бошқарувининг қарори (рўйхат рақами 2883, 2017 йил 12 май) билан Тижорат банклари томонидан янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Микрокредит банклар томонидан янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига (кейинги ўринларда – қарз олувчи) давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 6 ой мобайнида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 100 ЭКИҲгача берилади.

Микрокредит қарз олувчига Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида (Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган мақсадлар учун (савдо соҳаси ва умумий овқатланишдан ташқари) бир йиллик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга берилади.

Микрокредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда, банкнинг Имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан микрокредит ажратилган тақдирда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Бу муҳим! Фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси камайишига қараб камайиши мумкин. Бироқ Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси оширилган тақдирда шартномада кўрсатилган фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолдирилади.

Қарз олувчилар микрокредит олиш учун банкка буюртма тақдим этиб, унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

  • қарз олувчининг банк ҳисобварағига пул тушумлари прогнози кўрсатилган бизнес-режа;
  • кредит таъминоти турларидан бири (20 ЭКИҲгача микрокредит ҳисобига олинган товарлар кредит таъминоти ҳисобланади, 60 ЭКИҲгача микрокредит бўйича эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги кредит таъминоти бўлиши мумкин).

Қарз олувчи ҳужжатларни топширишда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади ва ундан нусха тақдим этади.

Қарз олувчилар буюртмани электрон шаклда бериши ҳам мумкин.

Банк буюртмани олганидан сўнг 3 иш куни ичида уни кўриб чиқиши ва микрокредит бериш ёки уни беришни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт. Микрокредит бериш рад этилганда банк қарз олувчига бу ҳақда ёзма шаклда маълум қилади. Микрокредит бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда банк ва қарз олувчи ўртасида ёзма шаклда шартнома тузилади ҳамда қарз олувчи томонидан тақдим этилаётган кредит таъминоти тури қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Шартнома тузилгандан ҳамда кредит таъминоти расмийлаштирилгандан сўнг банк қарз олувчига кредит ҳисобварағини очади. Микрокредит қарз олувчига пул ўтказиш йўли билан берилади.

Банклар томонидан микрокредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходими иштирокида микрокредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланилаётганлигини аниқлаш бўйича доимий мониторинг ўтказилади. Мониторинг қарз олувчининг шартнома шартларини бажариши учун ёрдам кўрсатишга йўналтирилган бўлиши керак.

Мониторинг натижасидан келиб чиқиб банк фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходими билан биргаликда қарз олувчи иштирокида тегишли далолатнома тузади. Микрокредитдан белгиланган мақсадларда фойдаланилмаганлиги аниқланган тақдирда банк кредитнинг бошқа мақсадда ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан илгари ундириб олишга ҳақли.

 Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган ва 2017 йил 15 майда кучга кирди.

 Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.


Манба

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!