Тадбиркорлар ҳимояси янада кучайтирилади

Ташрифлар: 4

Сана: 30.11.2016 10:58

Мақсадимиз - ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодиёт ривожини жадаллаштириш! Шунинг учун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни суд йўли билан ҳимоя қилишни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини либераллаштириш, айни пайтда, хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашгани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишни зарур деб ҳисоблайди.

Номзоднинг фикрича, бош вазифамиз - кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш экан, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифасидир. Шу билан бир қаторда номзод солиқ бошқаруви ва банк фаолиятига замонавий тартибга солиш механизмларини жорий этиш, қолаверса, рухсат беришга оид ҳужжатлар ва лицензиялар бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришни таклиф этмоқда. 

Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида давлат органлари, аввало ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи тузилмалар фаолиятида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш ва сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш вазифасини илгари сурган. Бундан ташқари тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уни асоссиз тўхтатиб турганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарни бевосита айбдорлардан ундириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида номзод “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда қатор бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш таклифини илгари сурди. Айтиш жоизки, мазкур қонун ҳужжатлари коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган чора-тадбирларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда қонунлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Номзодимиз тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишдан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларини текширишни тубдан қисқартириш ва уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувни олдини олиш мақсадида принципиал жиҳатдан янги бир қатор механизмларни илгари сурмоқда. Хусусан эндиликда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, фақатгина жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар (бир иш куни мобайнида) ўтказишнинг чекланган имконияти сақланиб қолади.

Шу билан бир қаторда маъмурий ва жиноий қонунчиликни либераллаштириш йўли давом эттирилади. Хусусан, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш каби тубдан янги чоралар назарда тутилмоқда.

Бундай тадбиркорларнинг маъмурий, жиноий ҳамда солиқ жавобгарлигидан озод этилиши, шубҳасиз, халқимизга ҳос бўлган инсонпарварликнинг ёрқин ифодасидир. Ўз айбини англаган, бундан тўғри сабоқ чиқарган ва хатосини тўғрилаган тадбиркорлар ўз ишини давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Бугун давр олдимизга янгидан-янги талаблар қўймоқда. Шу боис, Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни таклиф этмоқда.

Шу муносабат билан БИЗНИНГ НОМЗОД ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ, биринчидан, судьяларнинг ваколат муддатини узайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлашни таклиф этди. Бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.

Иккинчидан, судларни янада ихтисослаштириш маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этилиши ҳам устувор вазифалар сирасига киради.

Учинчидан, номзод қонунчиликка қатъий риоя этган ҳолда адолатли қарорлар қабул қилишга қодир, мустаҳкам ирода, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга судъялар корпусини шакллантириш – адолатли судловни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг гарови, деб ҳисоблайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг мавқеи ва ролини юксалтириш, унга судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишларни кўриш ҳамда судьяларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқларини бериш бўйича чора-тадбирлар таклиф этилмоқда.

Тўртинчидан, одил судловга эришиш даражасини ошириш, судьяларнинг ваколатларини янада кенгайтириш, суд қарорларининг узил-кесиллиги ва барқарорлигини таъминлаш, натижада фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, номзод «Хабеас корпус» институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказишни таклиф этмоқда. Шу билан бир қаторда судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилади.

Таъкидлаш жоизки, бу ўзгартишлар инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига тўла мос келади.

Бундан ташқари, суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилиниб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича судгача ва судда иш юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилмоқда. Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилмоқда. Буларнинг барчаси судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

O‘zLiDeP номзоди Шавкат Мирзиёев мазкур соҳада бошқа бир қатор демократик янгиликларни жорий қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноий, Жиноий-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодекслари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиқмоқда. Уларнинг рўёбга чиқарилиши эса, шубҳасиз, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Бизнинг бош мақсадимиз – Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишдан иборат.

Ана шундай эзгу мақсадларимизни қўллаб-қувватловчиларни, барчамиз учун Ватан битта, битта мақсад бизни бирлаштиради, у ҳам бўлса: Ватанимиз тараққиётидир деб биладиганларни, қадрли сайловчиларимизни саноқли кунлардан сўнг бўлиб ўтадиган Президент сайловида буюк халқимиз бахту-иқболи йўлида улкан вазифаларни амалга оширишга бел боғлаган, фидойи ва ватанпарвар инсон, БИЗНИНГ НОМЗОД - ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА овоз беришга чақирамиз!

Сағындық Турманов, Толибжон Мадумаров,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзолари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!