Тадбиркорлар манфаати қонун билан ҳимоя қилинади

Ташрифлар: 244

Сана: 16.01.2017 15:09

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши томонидан “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, айниқса, тадбиркор ва фермерларга тушунтириш мақсадида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги  депутатлар, вилоят Адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят Солиқ бошқармаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг бир қатор моддаларига ҳамда «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги ва «Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини либераллаштириш, жиноий ишлар бўйича тафтишлар ўтказиш чоғида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга доир чора-тадбирларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани таъкидланди.

–Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз, – дейди O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб- қувватлаш бўлими мудири С.Жўраев. – Шу боис Қонунда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш доирасида партия, унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш, шунингдек, партиянинг стратегик ҳамкор ташкилотлар ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Тадбирда сўз олганлар, қонунда кўрсатиб ўтилган ҳуқуқий нормалар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига янада кўпроқ эркинлик бериш, уларнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмидаги улушини ошириш, бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифати ва кўлами ортиши баробарида иқтисодий қудратимизни юксалтиришда, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашда салмоқли ҳисса қўшишини алоҳида эътироф этдилар.

 Тадбирда иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахасислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!