Тадбиркорлар учун имкониятлар янада кенгаймоқда

Ташрифлар: 122

Сана: 12.08.2017 13:31

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 август кунидаги Қарорига мувофиқ, Тошкент вилояти ҳудудида 17 та кичик саноат зонаси ташкил қилиниши белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад Тошкент вилоятининг бой табиий-иқтисодий, минерал-хомашё, илмий-техник ва меҳнат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, янги рақобатбардош саноат корхоналари ҳамда кичик хусусий корхоналар ривожини қўллаб-қувватлаш ва рағбатланитириш, шу асосда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишдир. Бу эса партиямизнинг асосий дастурий мақсадларини, яъни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини янада ошириш учун яратилаётган муносиб замин бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Хўш, бунга қандай эришилади?

Биринчидан, кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган кўчмас давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг ноль ставкаси белгиланиши тадбиркорлар учун яхши имконият – эркин ҳаракат майдонидир.

Иккинчидан, ушбу зоналарнинг иштирокчилари кичик саноат зоналари учун белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланишади.

Учинчидан, кичик саноат зоналарининг иштирокчилари импорт ускуналар ва бутловчи қисмлар харид қилиш учун Ўзбекистон Реконструкция ва ривожланиш фонди очадиган 50 миллион доллар ҳажмидаги кредит линиясидан фойдаланадилар.

Тўртинчидан, ўзлари яшаб ва фаолият юритиб турган ҳудудга яқин бўлган кичик саноат зоналарида яратиладиган шароит ва инфратузилма имкониятларидан фойдаланадилар.

Бешинчидан, кичик саноат зоналарида қулай шароитларда тадбиркорлик қилиш орқали ўз ҳудудларини (маҳалласи ёки қишлоғини) обод қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳисса қўшиш имкониятига эга бўладилар.

Шунингдек, вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарлари қаторида бизнинг Бўка туманимизда ҳам янги иш ўринлари очилади ва коллежларни битирган ва уюшмаган қатор ёшларимиз иш билан таъминланиши учун имконият яратилади.

Она юртини, жонажон халқини севадиган ҳар бир тадбиркор – O‘zLiDeP жонкуяри бундай имкониятлардан шукроналик билан фойдаланишига ишончимиз комил.

Барнохон Жабборова,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!