Тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшиги очилди

Сана: 06.09.2017 9:45

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони юртимиз тадбиркорлари учун  кенг имкониятлар эшигини очди. Мазкур  Фармон  Наманган вилоятида айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари  томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун корхона ҳисобидан иқтисод қилинган маблағлардан фойдаланган ҳолда 244 миллион сўм эвазига Япония ва Хитойнинг энг замонавий тикув машиналарини олиб келиб ўрнатдик. Корхонада дастлаб 4 киши билан иш бошланган бўлса, кейинроқ 45 тага, бугунги кунда эса 100 нафар ишчи-ходим доимий иш билан банд.

Аввал ички бозорни таъминладик. Ҳозирда 20 турдан ортиқ болалар ва катталар учун ишлаб чиқарилган тайёр трикотаж маҳсулотларимизни чет элга экспорт қилаяпмиз. Экспорт ҳажми 2010 йилда 38400 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2011 йил охирига келиб, бу кўрсаткич 361167 АҚШ долларига етди. Кейинги тўрт йил ичида бу рақамлар уч-тўрт баробарга ошди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 8 минг АҚШ долларлик маҳсулотларимизни четга экспорт қилдик.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони эса биз тадбиркорлар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш баробарида бизга куч-ғайрат, шижоат бағишлади. Негаки, ҳозирги кунга қадар тадбиркорларни хорижга маҳсулотни экспорт ёки импорт қилишда конвертация масаласи қийнаб келарди. То конвертацияга рухсат олингунга қадар бизнес режа, шартномалар ўз қийматини йўқотарди, олтинга тенг вақтдан ютқазиларди. Шунинг учун ҳамма тадбиркор ҳам юрак ютиб бу жараёнга кириша олмасди.

Фармонда “юридик шахслар ўз маблағларини банкларда жорий халқаро валюта операцияларини, шу жумладан, товар, иш ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун чет эл валютасига чекловларсиз эркин конвертация қилишлари мумкин”,  дейилгани энди  бу муаммоларга барҳам беради . Шундай экан, тадбиркорлар яратилаётган бу имкониятдан самарали фойдаланишга ҳаракат қилади.

Шулар қаторида биз ҳам   "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" ёрлиғи, миллий бренд остида энг рақобатбардош маҳсулотлар билан мамлакатимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишига ҳисса қўшиб, юртимиз равнақи йўлида бор ғайрат-шижоатимизни сафарбар этишдан асло толмаймиз.

Исломбек ҚУТФИДДИНОВ,

Наманган шаҳридаги

 “IMRON TEXTILE GROUP”

 корхонаси раҳбари,

O’zLiDeP фаоли. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

170