Тадбиркорларни ҳимоя қилишнинг янги механизми

Ташрифлар: 277

Сана: 10.05.2017 14:15

Шуҳрат Бафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти таъсис этилди. Ушбу институт тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги самарали мулоқотнинг янги механизмларини жорий қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат ҳимоясининг қўшимча кафолатларини яратишга хизмат қилади.

Ушбу институтнинг аҳамияти шундаки, Вакил мазкур соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларни бажаради. Шунингдек, соҳадаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсирини баҳолаш, тадбиркорликнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш Вакил фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилангани эътиборимизни тортади. Бунай ёндашув мамлакатимиздаги қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини янада яхшилашга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз, чунки Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил реал амалиётдан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди.

Ушбу институт мустақил экани, ўз ваколатларини давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳар қандай шаклда бузилишига нисбатан адолат, қонун устуворлиги ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги нуқтаи назаридан холисона баҳо беришга ҳамда қонунбузилишларга ўз вақтида барҳам бериш учун қатъий чораларни кўриш, қонунбузилишларга йўл қўйган барча мансабдор шахслар учун жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлашга хизмат қилади.

Умуман, мазкур институтнинг яратилиши ҳаракатлантирувчи кучи бўлган тадбиркорлик субъектлари манфаатлари устуворлигини амалда таъминлайди, мамлакатимиздаги бизнес муҳитни янада яхшилайди, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги мулоқот самарадорлигини оширади. Эндиликда биз, депутатлар, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, миллий қонунчилигимизга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасидаги ишларимизни жадаллаштиришимиз лозим. Мазкур қонунда Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари, асосий принциплари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тартиби белгиланади.

Олимжон Жумаев, тадбиркор, O‘zLiDeP фаоли.

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги роли ва аҳамиятини янада оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хусусий мулк ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва устуворлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш борасида муҳим вазифалар белгиланган. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтининг таъсис этилиши мазкур йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувини олдини олиш бўйича қатъий тартиб ўрнатилган. Бундан ташқари, қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш тизимини соддалаштириш, тадбиркорлар ишини янада енгиллаштиришга доимий эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Ушбу қонун хусусий мулк ҳуқуқи бузилишига, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралушвга чек қўйишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланиши алоҳида таъкидланган.

Қонун мазмуни билан эмас, амалдаги ижроси билан аҳамиятли. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти таъсис этилиши тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги таъсирчан механизмини жорий этмоқда. Хусусан, Вакил тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар амалга оширилиши қонунийлигининг мониторингини олиб бориш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклифлар киритиш билан шуғулланади. Бундан ташқари, Вакил давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақли.

Янги механизмнинг жорий этилиши тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг, шу жумладан, ҳар хил асоссиз текширувлар ўтказиш йўли билан аралашувларнинг зудлик билан барҳам берилишига, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишининг ҳар қандай шаклининг олдини олиш учун самарали чоралар кўрилишига, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, суд орқали тиклаш механизмларидан унумли фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!