Тадбиркорларнинг 10 дан ортиқ муаммолари бартараф этилди

Ташрифлар: 218

Сана: 31.03.2017 14:51

Бугунги кунда Самарқанд туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 95,8 фоизга етди. Бу соҳада иш билан банд аҳолининг 96 фоизи меҳнат қилмоқда. Улар томонидан 2016 йилда 117,5, саноат, 106,6 фоиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 6,7 фоиз маҳсулотлар экспорт қилинган. Шунга қарамай туманда 2016 йилда 1 минг 128 та кичик тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлса, 92 таси ўз фаолиятини тугатган, 108 та кичик корхона ва микрофирмалар фаолият кўрсатмаяпти.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят Адлия бошқармаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамкорлигида “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини  амалга оширишнинг муҳим омили” мавзуида ташкил этилган очиқ мулоқот кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятини тугатиш ва тўхтатганлик сабаблари атрофлича муҳокама қилинди. 

– Ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммоларни тизимли ва таҳлилий ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш борасида ёндашувларнинг турличалиги соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатади, – дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Илҳом Ботиров. – Тегишли идоралар вакиллари ва мутахассислар билан биргаликда мавжуд муаммолар, тадбиркорларнинг барқарор фаолиятида уларга хизмат қилувчи тижорат банклари, консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг ва суғурта ташкилотлари ва хом ашё биржалари фаолиятини ҳудудларда ҳам самарали йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдик.

Ҳа, бугун барчамиз юртимизда тадбиркорларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ниҳоятда кенг, улар учун барча шароитлар муҳайё қилинган, дея ҳавас билан мағрурланиб гапирамиз. Бироқ мавжуд имтиёз ва шароитлардан фойдаланишда ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, улар фаолиятига молиявий маблағларнинг етарли эмаслиги, тайёрланаётган маҳсулотига бўлган талабнинг камлиги, хом ашё йўқлиги, ишлаб чиқариш ускуналиринг эскирганлиги, бино ва ер майдони мавжуд эмаслиги сабаб бўлмоқда.

– “Ўзсаноатқурилиш” банк туман филиали томонидан икки ойдан буён кредит конвертацияси муаммо булиб турган эди, – дейди тумандаги “Самандар Самир МИН” фермер хўжалиги раиси Мирзаев Иброҳим. – Бугунги амалий мулоқот давомида мазкур масала юзасидан банк мутахассисларига қилган мурожатим натижасида масала жойида ўз ечимини топди. Қувонарлиси тадбиркорлар билан бўлиб ўтган мазкур амалий мулоқот давомида 10 дан ортиқ муаммолар ўз ечимини топди.

Тадбирда назорат қилувчи органлар, маҳаллий ижроия хокимият органлари, партиянинг туман Кенгаши ва партия депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, тугатилган ва вақтинча фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!