Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилди

Сана: 15.08.2017 12:29

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар иккинчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти, уни маромига етказиш бўйича фракция томонидан илгари сурилаётган амалий таклифларга тўхталишди.

– O‘zLiDePнинг дастурий мақсадларига тўла мос бўлган мазкур қонуннинг маромига етказиб қабул қилиниши мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини янада яхшилаш орқали тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, уларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуларини тиклаш, самарали фаолият юритишларини таъминлашга хизмат қилади, – дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Қ.Бабашев. – Шу боис, мазкур қонуннинг айрим моддаларини тўлдириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.

Хусусан, фракциямиз аъзоларининг фикрича, қонунга қуйидаги қўшимчаларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг, ҳимоячиси билан алоҳида учрашиш, манфаатлари ҳимоя қилаётган шахснинг иштирокида ўтказиладиган айрим тергов ва суриштирув ҳаракатлари жараёнида ҳимоячи билан биргаликда иштирок этиш, ҳақиқатни аниқлаш учун саволлар бериш, иштироки якунида ёзма мулоҳазалар бериши, манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг, ҳимоячиси билан биргаликда жиноят ишининг барча материаллари билан танишиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, манфаатларини ҳимоя қилаётган шахс, агарда қамоқда сақланаётган ёки уй қамоғида бўлса, ҳимоячи у билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашишга ҳақли эканлиги алоҳида қайд этилиши лозим.

Ўз навбатида, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз вазифасини амалга ошириши муносабати билан билган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги белгиланиши керак. Шунингдек, зарур ҳужжатлар, материаллар ва маълумотлар тақдим этишнинг текширишлар ўтказишни, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ва унинг талабларини бажармаслик, худди шунингдек тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фикри билдирилган ҳужжатларни кўриб чиқмаслик ёки уларни тўлиқ ҳажмда бажармаслик, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ғайриқонуний қарор қабул қилишига эришиш мақсадида унга қандай шаклда бўлмасин бирон бир таъсир кўрсатганлик учун энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланиши лозим, деган таклифлар билдирилаяпти.

Йиғилишда дерутатлар мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пухта ишланиши зарур, деган хулосага келдилар. Бунинг учун эса, тадбиркорлар хоҳиш-истаклари, эҳтиёжлари, муаммоларини янада чуқурроқ ўрганиш талаб этилаётир. Бинобарин, партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси қонун лойиҳаси муҳокамасига оид ишларга янада кўпроқ урғу бериши, жумладан, тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотларни тизимли ўтказиши тақозо қилинмоқда.

Йиғилишда шунингдек, кун тартибига киритилган бир қатор қонун ва қарор лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди ва O‘zLiDeP фракциясининг мазкур масалалар юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

225