Тадбиркорларнинг манфаатларига путур етказилишига йўл қўйилмайди

Сана: 24.02.2017 18:18

Мустақилликнинг дастлабки йилларида ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон инсонлар майдонга чиқа бошлади ва ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, юрт ривожига ўзининг ҳиссасини қўша бошлади. Бугун эса уларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда. Сўнгги пайтда кичик бизнес вакилларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши ҳам сезиларли даражада ортмоқда.

Муборак ва Косон туманидаги ана шундай ташаббускор, тадбиркор, фермерлар ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи вакиллари иштирокида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқувчи вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг самарали усулларини ишлаб чиқишда партия депутатлик гуруҳлари, тадбиркор ва фермерлар олдидаги муҳим вазифаларни таҳлил этишга бағишланган ўқув семинар ўтказилди.

Тадбирда Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан келиб чиқадиган, партия туман Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи олдида турган устувор вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

–Ҳаракатлар стратегиясида республикамизнинг барча ҳудудларини бирдек ривожлантириш назарда тутилган бўлиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади, дейди  - Халқ депутатлари Муборак туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси Ф. Файзиев. – Шу нуқтаи назардан бугун туманимизда ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партиялар ҳам аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар уюштириб, мазкур ҳужжатда келтириб ўтилган устувор мақсад ва вазифалар ҳақида кенг қамровли тушунчалар бермоқдалар. Бугунги тадбирда ҳам ҳаракатлар стратегиясидаги бешта йўналиш борасида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол қатнашдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Косон туман Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбир ҳам Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ҳамда партиянинг 2016 йил якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган режаларига бағишланди.

Унда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали даромадларини ошириш, бандлиги таъминлаш каби масалалар муҳокама марказида бўлди.

- Тадбиркор бугун ҳеч нарсадан қўрқмайди, унинг эркин фаолият юритиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ, - дейди Косон туманидаги “Саъдиев Мансур Оғабек ўғли” фермер хўжалиги раҳбари Мансур Саъдиев. —Давлатимиз биз, ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказилишига йўл қўймайди. Шундай шароит бўлгандан кейин ишлагинг, ғайрат қилгинг келади. Айниқса, нафақат тадбиркорларга балки оддий аҳолига қаратилаётган эътибор қонунлар, Президент фармонлари билан мустаҳкамлаб қўйилаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Шунингдек, тадбирда иштирокчилар Ҳаракатлар стратегиясининг миллатлараро ва фуқаролараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган йўналишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

   O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

162