Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида

Ташрифлар: 106

Сана: 06.02.2017 11:29

Мамлакат тараққиётида, иқтисодий юксалишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, тадбиркорликка кенг йўл очиш орқали аҳолининг бандлик масаласи ҳал этилади, ёшларнинг келажакка ишончи янада мустаҳкамланади. Шу боис O‘zLiDeP томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилаётир.  

O‘zLiDeP Сайхунобод туман Кенгаши томонидан “Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш – мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг муҳим омилидир” мавзуида ташкил этилган тадбир ҳам айни шу мақсадни кўзлайди.    

Қайд этилганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга эркинлик бериш ва ривожлантириш йўлида учраётган тўсиқларни олиб ташлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида мазкур секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улушини янада ошириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг кўлами ниҳоятда кенг.

–Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар бугун тадбиркорларнинг эркин самарали фаолият юритишини таъминлаяпти, – дейди O‘zLiDeP Сайхунобод туман Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Абдуфаттох Холиқбердиев.– Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эса бу борада муҳим омил бўлди. Қувончлиси, мазкур фармон қабул қилингандан сўнг, тадбиркорлик соҳасида иш юритиш истагида юрган фуқаролар, хусусан, коллеж битирувчилари учун кенг имкониятлар яратишга кўмаклашиш, уларни билим ва малакасини оширишга қаратилган хайрли ишларнинг кўлами янада кенгайди.

Тадбирда сўз олганлар, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор кун сайин ортиб бораётганини, уларни қўллаб-қуватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлаб, фуқароларнинг тадбиркорликка йўналтириш бўйича партия ва банк ҳамкорлиги кенг йўлга қўйилганини алоҳида эътироф этдилар.

Тадбирда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳақида сўз юритилиб, бу борада партия томонидан ишлар кўламини янада кенгайтиришга келишиб олинди.  

    Отабек Комолов,

O‘zLiDeP Сайхунобод туман 

Кенгаши бош консультанти 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!