Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида

Ташрифлар: 30

Сана: 22.02.2017 14:49

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони юртимизда тинчлик ва барқарорлик таъминланишидан энг кўп манфаатдор бўлган мулкдорлар синфини рағбатлантириш, пировардида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Зеро, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларидаги барча тўсиқ ва ғовларга барҳам берди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ғаллаорол туман Кенгаши томонидан мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, айниқса, тадбиркор ва ишбилармонлар орасига тарғиб қилиш мақсадида “Ёшлар тадбиркорлигини юксалтириш ва уларнинг сиёсий маданиятини шакллантириш масалалари” мавзуида ташкил этилган амалий мулоқотда бу ҳақда алоҳида таъкидланди.

Унда O`zLiDeP туман Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, Микрокредитбанк АТБ туман филиали, “Агробанк” АТБ туман филиали, туман давлат Солиқ инспекцияси, туман “Ягона дарча” маркази, “Ўзагросуғурта” ДАСК туман бўлими, туман Фермерлар Кенгаши вакиллари ҳамда тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.

– Дарҳақиқат, мазкур Фармон хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишда, муҳими, тадбиркорларни ҳеч қанақа тўсиқларсиз эмин-эркин фаолият юритишларида муҳим омил бўлди,  – дейди O`zLiDeP Ғаллаорол туман Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Зоҳид Усмонов. – Унга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш топширилди. Тадбиримизда мазкур фармонда келтирилган шу каби барча имконият ва имтиёзлар, қулайликлар ҳақида ёш тадбиркорларга батафсил тушунчалар бериб ўтдик.  

– Бугунги мулоқотда мутахассислар томонидан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш, тадбиркорлик асослари, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес режа ишлаб чиқиш, кредит турлар ҳамда банк кредит сиёсати ҳақида батафсил маълумотлар олдик, – дейди Ғаллаорол иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Юлдуз Эшонқулова. – Партиянинг ёшларни тадбиркорликка жалб этувчи шунга ўхшаш тадбирлари ва лойиҳалари  кўплаб ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиш учун қулай имконият яратиб бермоқда. Эътиборлиси, O'zLiDeP томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ўз навбатида, ёшларда тадбиркорлик фаолиятига қизиқиш ўйғотади, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилади.  Буларнинг барчаси партия томонидан соҳага қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликларнинг ёрқин ифодасидир.

Тадбирда сўз олганлар, мазкур тадбир ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратиш, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, йигит-қизларнинг соҳага оид билим ва малакаларини оширишда муҳим дастуриамал бўлишини таъкидлади.

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоб олди.

Олим Норжигитов,

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг