Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга нималар тўсиқ бўлмоқда?

Сана: 13.03.2017 16:15

Азалдан тадбиркорлик, ишбилармонлик ривожланган Наманганда бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбирокрлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 75 фоиздан ошди, шунингдек иш билан банд аҳолининг 78 фоиздан ортиғи айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда. Айтиш мумкинки бу республика бўйича яхши кўрсаткич саналади.

Аммо бу борада ҳал этилиши зарур бўлган камчилик ва муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, 2016 йилда вилоятда 1963 та кичик тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлса, 1221 таси ўз фаолиятини тугатган, 1402 та кичик корхона ва микрофирма эса умуман фаолият кўрсатмаган. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга нималар тўсиқ бўлмоқда?

Шу каби саволларга ечим топиш ва вилоятидаги барча мутасадди ташкилот ва идоралар томонидан ҳар бир тадбиркорлик субъектига ўз фаолиятидаги муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ва O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши ҳамкорлигида Қулай бизнес муҳити - тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” мавзуида очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда тадбикорлар ва вақтинча фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда соҳага даҳлдор бўлган ташкилот масъул ходимлари иштирок этдилар.

—Партия томонидан бу масаланинг кўтарилганлиги бевосита электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга янада қулай шарт-шароитларни яратиш, тадбиркорлик ривожи учун хизмат қилувчи корхона ва идора вакиллари билан уларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш, ўрганиш ва албатта уларга ечим топиб, ҳар томонлама ҳимояланган истиқболни таъминлашга эришишдан иборат, - дейди O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши раиси Солижон Мўминов. —Бу борада ташкил этилаётган очиқ мулоқотларимизда тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар хусусан, айланма маблағларнинг етишмаслиги, ҳом ашё муаммоси, кредит масалалари, электр ва газ таъминотидаги узилишлар каби масалалар кўтарилиб, соҳа вакиллари томонидан тегишли тушунтиришлар, тавсия ва амалий ёрдам берилмоқда.

Мунозарада сўз олган мутасадди ташкилот вакиллари жойларда тадбиркорлик субъектларининг тугатилишига сабаб бўлаётган масалалар хусусида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди.

—Тадбиркор бўлиш учун муайян билимга эга бўлиш талаб этилади, - дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бўлим бошлиғи Акрамжон Солиев. —Аммо амалиётда иқтисодий, ҳуқуқий билимларга эга бўлмасдан тадбиркорликни бошлаш учун яратиб берилган шарт-шароитларга қизиқиб, бизнес бошлаган ва уни давом эттиришга қийналиб фаолиятини тугатаётган ҳолатларни кўп кузатяпмиз. Бугунги тадбирда мазкур ҳолатларни олдини олиш бўйича партия ва банклар ҳамкорлигида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун махсус-замонавий ўқув семинарларни ташкил этишга келишиб олдик.

Очиқ мулоқотда тадбиркорлар томонидан фаолиятлирига тўсиқ бўлаётган ва уларни ўйлантираётган масалалар ўртага ташланиб, соҳа вакиллари билан биргаликда атрофлича муҳокама қилинди. Масалан, «Ахадбек савдо сервис» оилавий корхонаси раҳбари Тожиахмедов Ахадхон иш фаолияти учун зарур бўлган автомобилни сотиб олишда дуч келаётган муаммоларни айтиб ўтган бўлса, “Ҳамкор” фермер хўжалиги раҳбари Исроилов Мавлонхон эса фермер хўжалигига ажратилган ер майдонинг унумдорлиги паст эканлиги ва буни қайта кўриб чиқиш лозим эканлигини қайд этди.

Мулоқот давомида соҳа мутахассислари томонидан муаммоларнинг айримларига жойида ижобий ечим топилгани тадбирнинг амалий ифодаси бўлди. 

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

245