Тадбиркорлик сари илк қадам

Сана: 02.03.2017 18:39

- Ўз қизиқишингизга мос бизнес режа танланг. Атрофингиздагилар сизга "ундай қилсак фойда бўлади - бундай қилсак бўлади" деганига парво қилманг. Муҳими, ўзингиз қизиққан соҳада бизнес режа тузинг;

- Ақлингиз етадиган ва тушунадиган соҳага қўл уринг. Ақлингиз етмайдиган соҳада ишламанг. Катта даромадни орзу қилиб тушунарсиз соҳаларга киришманг. Акс ҳолда бор сармоядан қуруқ қолишингиз мумкин;

- Тадбиркорлик - бу одамларга фойдали нарса таклиф этиш. Ҳар қандай бизнес ортида пул топиш бўлса-да, лекин у аслида одамларга фойда келтиришдир, одамларнинг мушкулини осон этишдир. Сиз қанча кўп одамнинг эҳтиёжини қондирсангиз шунча кўп фойда кўрасиз.

Шу каби қатор фойдали маслаҳатлар O’zLiDeP Янгиер шаҳар Кенгаши томонидан “Диплом билан бизнесга – 2017” лойиҳаси доирасида “Ёш мулкдор – юрт таянчи” мавзуида ўтказилган семинар-тренинг иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

Тренингда ёшлар бизнес бошлашдан аввал билиши лозим бўлган айрим муҳим жиҳатлар билан ҳам таништирилди. Хусусан, аниқ мақсадга эга бўлиш, қилинажак ишларни режалаштириб, қайд этиб бориш, тадбиркорликка оид билимларни пухта эгаллаш, ўз йўналиши бўйича бозордаги нархлардан доимий равишда хабардор бўлш, рақобатчиларнинг ишларини мунтазам кузатиш, ҳар бир ишни ўз вақтида бажариш каби бошланғич маълумотлар илғор педагогик технологиялар асосида тушунтирилди.

Иштирокчиларнинг олган билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулот бажарилди. Унда ёшлар бизнес бошлашда нималарга эътибор қаратиш лозим ва катта даромад олиш учун нималар қилиш керак, деган саволларга ўз муносабатларини билдиришди.

Семинарнинг савол-жавоб қисмида тижорат банкларининг вакиллари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

– Ҳар қандай тадбиркорлик, энг аввало, пухта бизнес-режа, сўнгра молиявий маблағ орқали шакллантирилади, – дейди Қишлоқ қурилиш банк Янгиер шаҳар филиали кредитлаш бўлими етакчи мутахассиси Ғолиб Хўжаев. – Ўз бизнесини бошлаш ва уни ривожлантириш истагида бўлган ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида банклар томонидан ҳар йили имтиёзли кредитлар ажратиб келинмоқда. Ўйлайманки, бугун партия ва банк ҳамкорлигининг кенг йўлга қўйилгани соҳани янада ривожлантиришда, янги-янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда, ўз навбатида, аҳолининг ишга эҳтиёжманд қисмини бандлигига кўмаклашишда муҳим омил бўлади.

Семинар-тренингда сўнггида 10 нафар ёшлар партия “Ёшлар қаноти” сафига қабул қилинди ва уларга партиянинг аъзолик гувоҳномаси топширилди.

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

192