Тарғибот гуруҳлари

Ташрифлар: 7

Сана: 18.11.2016 12:22

сайловда ғалаба қозонишда муҳим ўрин тутади

Сайлов сиёсий партиялар учун ўзига хос имтиҳон. Шу боис O‘zLiDePнинг барча ташкилотлари ана шу синовдан муваффақият­ли ўтиш учун қизғин тайёргарлик кўраётир. Аҳоли ўртасида партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида илгари сурилган ғояларни тарғиб қилиш, унинг мазмун-моҳиятини янада кенгроқ тушунтириш, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва савиясини ошириш каби вазифалар ташкил этилаётган тадбирларнинг бош мавзусига айланган.

Жойларда ўтказилаётган “Сайлов қонунчилиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида O‘zLiDePнинг иштироки” мавзусидаги ўқув-семинарлар партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қошида тузилган тарғибот-ташвиқот гуруҳлари фаолиятини янада яхшилаб, аҳолининг сайлов ҳақида билимларини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

O`zLiDeP Наманган вилояти Кенгаши томонидан ўтказилган ўқув-семинарда сайлов кампаниясининг мазкур босқичи партия Сиёсий Кенгаши аппаратидан тортиб, бошланғич ташкилотларигача бўлган бўғинлардан аниқлик, ишчанлик, ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштиришни талаб этиши алоҳида таъкидланди.

Семинарда партия вилоят Кенгаши қошидаги Сиёсий таълим маркази раҳбари Иброҳим Саттаров сўзга чиқиб, сайловолди штабида 150 кишидан иборат тарғиботчилар гуруҳи фаолият юритаётганини таъкидлади. Эътиборга молик жиҳати, улар орасида сиёсатчи, иқтисодчи, депутат, зиёлилар кўпчиликни ташкил этади. Шунингдек, нотиқ ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридаги асосий йўналишларни сайловчиларга содда, тушунарли ва ҳаётий мисоллар билан тушунтириш зарурлигини қайд этди. Айниқса, бу босқичда сайловда биринчи марта иштирок этаётган ёшларга сайлов қонунчилиги, унда иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқи ҳақида тушунчалар бериш тарғибот гуруҳи аъзоларидан алоҳида масъулият талаб этиши айтиб ўтилди. Бунда, албатта, тарғиботчиларнинг сиёсий билими, нотиқлик маҳорати юқори бўлиши лозим.

– Ўқув-семинар биз учун жуда ҳам фойдали бўлди, – дейди Поп туманидан фаолият юритаётган тарғибот гуруҳи аъзоси Мелиқўзи Юнусов. – Сайлов қонунчилиги ва унга киритилган ўзгартишлар, сайловолди тарғиботини самарали олиб боришга қаратилган турли интерактив усуллар билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар сайловчилар билан ишлашимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки,  номзодимизнинг сайловолди дастурида ёшлар тарбияси, бугунги глобаллашув даврида уларни “оммавий маданият”, диний экстремизм, гиёҳвандлик сингари зарарли иллатлардан ишончли ҳимоя қилиш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш каби вазифаларга устувор аҳамият қаратилган. Шундай экан, биз ҳам тарғибот ишларини амалга оширишда бу жиҳатларга эътиборни кучайтирамиз.

Сирдарёда бўлган ўқув-семинар ҳам ишчанлик руҳида ва баҳс-мунозараларга бой ўтди. “Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилиги”, “Президент сайловида номзоднинг ишончли вакили ҳамда партия вилоят Кенгаши ҳамкорлигининг ўзига хос жиҳатлари”,  “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган масалаларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши”, “Сайлов участкалари ва овоз бериш жойларида сиёсий партиялар томонидан қўйиладиган кузатувчиларнинг вазифалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” каби мавзулардаги маърузалар иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини оширди. Тадбирда сўзга чиққан Гулистон давлат университети ўқитувчиси, иқтисод фанлари доктори Аҳмат Маматов, фалсафа фанлари номзоди Равшан Маҳмудов, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси масъул ходими Азиз Эсонов бу каби машғулотлар сайловолди ташвиқотини юқори савияда ўтказишга имкон яратишини таъкидлади.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси мажлислар залида бўлиб ўтган ўқув-семинар ҳам вилоятда фаолият кўрсатаётган 130 дан зиёд тарғибот гуруҳлари учун айни муддао бўлди. Ўқув-семинарда партия вилоят Кенгаши аппарати матбуот хизмати томонидан тайёрланган “O‘zLiDeP тарғиботчи вакилларининг сайловчилар олдидаги чиқиш маҳорати”, “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O‘zLiDeP номзодининг тарғибот-ташвиқот жараёнидаги тарғиботчи вакилларининг телевидениедаги чиқишлари” сингари  мавзулардаги маърузалар тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.

– Ҳудудимизда 4 та тарғибот-ташвиқот гуруҳи фаолият кўрсатмоқда, – дейди  ўқув-семинар тингловчиси, партия Қоракўл туман Кенгаши масъул ходими Асқар Сулаймонов. – Қувача, Янгибозор, Чандиробод, Дарғали, Човли, Қоракўл, Шўробод сингари қишлоқ фуқаролар йиғинларидаги тарғибот-ташвиқот гуруҳларида Ш. Мирзиёевнинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад-вазифалар мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган ўнлаб тадбирлар бўлиб ўтди. Айниқса, Собир Маматов,  Нурмуҳаммад Юсупов, Адизжон Жумаев, Юсуф Рўзиев сингари партия фаоллари номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш борасидаги устувор вазифалар ҳақида маъруза қилишмоқда.

– Сайловнинг ҳуқуқий асосларидан бири умумийлик, тенглик, тўғридан-тўғри ва яширин овоз беришдир, – дейди Самарқандда бўлиб ўтган ўқув-семинарда иштирок этган Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси мутахассиси Шерзод Маматов. – Айни пайтда қизғин кечаётган сайлов жараёнларидан фуқароларни хабардор қилиш, сиёсий-ҳуқуқий савияси  ва сайловга оид билимларини оширишда тарғибот гуруҳлари фаолияти муҳим ўрин тутади. Сайловни очиқ, ошкора ва демок­ратик андозаларга мос, миллий сайлов қонунчилик асосида юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш юртимиз сиёсий ҳаётидаги энг долзарб масалалардан биридир.

Ўқув-семинарда қайд этилганидек, истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Самарқанд вилояти ҳам ҳар томонлама равнақ топмоқда. Хусусан, 2010 йилдан буён ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробар ўсди. Вилоят иқтисодиёти таркибида саноатнинг улуши 2011 йилда 18 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич қарийб 24 фоизга етиши кутилмоқда.  Кейинги беш йилда вилоятда юздан ортиқ янги қўшма ва хорижий корхоналар ташкил этилди ва бугунги кунга келиб уларнинг сони 259 тага етди. Бу корхоналар томонидан йилига 2,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Сайловчиларга O‘zLiDePдан партиядан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига номзод – Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий соҳада илгари сураётган фикрлари ана шу ўсишнинг давомийлигини таъминлашга хизмат қилишини тушунтириш кераклиги тавсия этилди.

Аҳолининг сайловга оид билими ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишда сайловолди ташвиқотини юқори савияда ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун партия тарғиботчилари сайлов қонунчилигини пухта билиши, кенг аудитория билан ишлаш, ёш сайловчиларни қамраб олишга қаратилган замонавий, ноанъанавий усуллардан самарали фойдалана олиши муҳим аҳамият касб этади. O`zLiDeP Хоразм вилояти партия ташкилотининг туман бўлимлари қошида тузилган тарғибот-ташвиқот гуруҳлари аъзолари учун ўтказилган ўқув-семинар ана шундай сўзлар билан бошланди.

Партия вилоят Кенгашининг мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Шаҳноза Яқубова сайлов жараёнида O`zLiDeP томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида кўтарилган масалаларни оммавий ахборот воситаларида тарғибот қилиниши  тўғрисида маълумот берди. 

Шундан сўнг иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда жойларда сайловолди ташвиқотини самарали ташкил қилишнинг усулларини ишлаб чиқишди.

Жиззах вилоятида бўлиб ўтган ўқув-семинарда ҳам мамлакатимизда сайлов хуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси  Президенти сайловида партиядан кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили билан учрашувлар ташкил этиш, сайлов жараёнида партия электоратининг ўрни ҳамда партиядан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида баён этилган вазифаларни телевидение, радио ва матбуот орқали тарғибот-ташвиқот қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Аҳолига номзоднинг сайловолди дастурида давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-хуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, мамлакатимиздаги тинчлик ва хотиржамликни мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифаларнинг юртимиз тараққиётидаги аҳамиятини кенг тушунтириш лозимлиги қайд этилди. 

Ўқув-семинарларда иштирок этган тарғибот гуруҳи аъзолари ўрганган билим ва кўникмаларини сайловолди кампанияси жараёнида ўзларига бириктирилган туман, шаҳар, маҳалла фуқаролар йиғини, корхона, ташкилот ва муассасаларда сайловчилар билан бўлиб ўтадиган учрашувларда номзодининг таржимаи ҳоли, бошқарув соҳасидаги кўп йиллик юқори малакаси, шахсий, инсоний хусусиятлари, юксак бунёдкорлик фаолиятини сайловчиларга яқиндан таништириш ва аҳолига етказиш малакасига эга бўлишди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!