Тайёргарликнинг муҳим босқичи

Сана: 30.09.2016

30.09.2016 й.

   Айни кунларда Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан сайловчилар имзосини тўплаш тадбирлари қизғин тус олган. Мазкур жараёнда  партиянинг бошланғич ташкилотлари ҳам самарали иштирок этмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунда белгиланганидек, сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида ҳамда ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилиши мумкин. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбур қилиш ва уларни нимадир эвазига ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Пойтахтимиздаги партия Миробод туман ташкилоти таркибидаги 5 минг 200 дан ортиқ аъзони бирлаштирган 131 та бошланғич партия ташкилоти маҳалла, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларда бўлиб, сайлов қонунчилигини тушунтириш ва имзо тўплаш бўйича қизғин фаолият юритишмоқда.

–Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан мамлакатимиз Президентлигига кўрсатилаётган номзодни қўллаб-қувватлаш мақсадида сайловчилар имзоси тўпланаётганини эшитиб, хайрихоҳлик  билан имзо қўйдим, – дейди тумандаги “Real Renessans” хусусий корхонаси ходими Шероз Мелибоев.  – Чунки мен каби минглаб ёшларнинг ўз орзу-интилишлари, салоҳияти рўёбга чиқишида ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг аҳамияти беқиёс. O`zLiDePдан кўрсатилган номзоднинг Ватанимиз равнақи йўлидаги туб ислоҳотларни қатъият билан давом эттиришига ишончим комил.

******

O`zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгашида ташкил этилган сайловолди штаби ҳам мазкур тадбирларда қатнашаётган партия фаоллари ишини мувофиқлаштириб, бу борада изчил мониторинг юритмоқда. Қайд этиш жоизки, сафдошларимиз саъй-ҳаракати билан шу кунгача минглаб сайловчи имзоси йиғилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки таянч тузилмалар фаоллари одамлар орасида, партия электорати билан бевосита, юзма-юз иш олиб боришди.

– Имзо жамлаш тадбирлари ҳам мамлакатимизда том маънодаги ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти шаклланаётганидан далолат беради, – дейди партия шаҳар ташкилотида ишлаётган сайловолди штаби аъзоси, ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Ўктам Ҳасанов. – Хайрихоҳларимиз истиқлол йилларида барча соҳаларда эришилган жамики муваффақиятларни давом эттириш тарафдори эканини билдириб, имзо чекмоқдалар.

– Сиёсий кампанияга пухта тайёргарлик билан кириб бораяпмиз, – дейди “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятидаги бошланғич ташкилот етакчиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзоси Ҳосил Холматов. – Ўз ишига масъулият билан ёндашаётган  фаолларимиз ҳозиргача 900 га яқин имзо йиғишди. Энг муҳими, юртдошларимизнинг сайлов жараёнларига, ўзлари ва фарзандларининг келажакларига бефарқ эмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.

******

Партиямизнинг Самарқанд вилоятидаги тузилмалари ҳам сиёсий кампанияга тайёргарликнинг муҳим босқичида ташаббус кўрсатишмоқда.

Оқдарё тумани ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” марказида иш юритаётган партия таянч нуқтаси етакчиси Ислом Нарзуллаев имзо йиғиш тадбирлари мобайнида сайловчиларнинг онгу тафаккури янада юксалгани, уларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга интилаётганини таъкидлади. Бошланғич ташкилот аъзолари “Музам Антик”, “Теватик Човка”, “Озоджон”, “Мўл ҳосил замини” ва бошқа фермер хўжаликларида бўлиб, 300 дан зиёд имзо тўплашди.

Қувонарлиси, жонли мулоқотларга айланиб кетаётган ушбу тадбирларда юртдошларимиз диёримиздаги янгиланишлар, улкан бунёдкорлик ишлари, фаровон кунлар суруридан баҳра олаётганини қайд этиб, қалб даъвати билан партиямиздан қўйилган номзодни ёқлашмоқда.

–Ўзбекистондек улкан имкониятлар мамлакатида яшаётганимдан бахтиёрман, –  дейди “Озоджон” фермер хўжалиги аъзоси Умар Абдусаломов. – Илгариги замонларни ҳам кўрдик. Мустақил давлатда яшаганга не етсин. Ер ўз эгасини топди, бир замонлар оддий деҳқон дея камситишарди, бугун эса у – фермер, мулкдор, бадавлат, қадрли бир инсон сифатида улуғланмоқда. Мен ўз халқининг бахт-саодати учун умрини бағишлаган фидойигина  Президентликка энг муносиб деб ҳисоблайман ва шундай инсонни қўллаб-қувватлайман.

“XXI asr”

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!