Тизимли ва таркибий ислоҳотларнинг янги босқичи

Ташрифлар: 38

Сана: 12.10.2017 19:23

Ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқларимизнинг ҳеч бири осонликча қўлга киритилмаётгани, булар замирида давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар мужассамлиги дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Дарҳақиқат, мустақиллигимизнинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим стратегик дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани ҳозирданоқ ўз самарасини бермоқда. Буни иқтисодиётимизнинг муҳим соҳаларидан бири — қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришларда ҳам яққол кўриш мумкин.

Истиқлол йилларида фермерлик ҳаракати, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

 Мураккаб об-ҳаво шароитларига қарамасдан, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати ва омилкорлиги туфайли ўтган йилларда мўл ҳосил етиштирилди – 7,5 млн. тоннадан зиёд ғалла, 3,3 млн. тоннадан ортиқ пахта хирмони барпо этилди.

Бундай мўл ҳосил асосан қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, селекция ишларини яхшилаш, ғўза ва бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини жорий қилиш, замонавий агротехнологияларни ўзлаштириш эвазига таъминланмоқда. 

Буғдойдан гектарига ўртача 55 центнер атрофида ҳосил олинаётгани, айрим туманларда бу кўрсаткич 60-77 центнерни ташкил этаётгани, шубҳасиз, фермерларимизнинг улкан ютуғидир.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигининг мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик каби тармоқлари ҳам жадал суръатларда ривожланмоқда. Ўтган йиллари 12,0 млн. тоннадан кам бўлмаган сабзавот ва картошка, 2,0 млн. тоннага яқин полиз маҳсулотлари, 1,6 млн. тоннага яқин узум, 2,7 млн. тоннадан ортиқ мева етиштирилди. 

Мамлакат қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг ўсиш суръати деярли 7 фоизни ташкил қилмоқда.

Буларнинг барчаси фидойи деҳқон ва фермерларимиз, барча қишлоқ хўжалиги ходимларининг машаққатли ва шарафли меҳнати маҳсулидир.

Давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббусларига асосан мамлакатимиз ижтимоий- иқтисодий ривожланишининг ҳар бир соҳасини, жумладан, қишлоқ хўжалигини ҳам янада юқори поғонага кўтариш, рақобатбардошлигини ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида асосий вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари яқинда ана шу долзарб вазифалар ижросини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермерлик ҳаракати, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларни янада ривожлантириш мақсадида “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Фармонда ушбу соҳада эришилган ютуқлар билан бирга ўз ечимини кутиб турган муаммо ва камчиликлар ҳам тўпланиб қолгани, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмагани ўринли таъкидланган.

Мазкур ҳужжатда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Амалдаги қонун ҳужжатларига, жумладан, Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши, экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлик ва масъулиятни ошириш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари ҳамда Олий Мажлис палаталари томонидан доимий назорат ва мониторинг олиб борилиши юзасидан аниқ вазифалар кўрсатилди.

Бундан буён фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳар чоракда халқ депутатлари туман кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб бориш тартиби жорий этилади.

Ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишига қадар қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши белгилаб қўйилди.

Тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида парламент назоратини ўрнатишнинг илғор механизмлари белгиланди, яъни, Олий Мажлис палаталари вакиллари соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволини доимий равишда ўрганган ҳолда тегишли амалий чораларни кўради.

Фармонда кўзда тутилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида ҳар йили фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқлига айлантириш бўйича ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят кенгашларида тасдиқланиши, шунингдек, ҳудудий дастурлар асосида ишлаб чиқилган республика миқёсидаги дастурларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига киритилиши ушбу ислоҳотлар натижадорлигига хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур фармонда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, асаларичилик ва бошқа муҳим йўналишларни янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича тегишли ташкилотларга топшириқ берилган.

Муҳим жиҳатларидан яна бири деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари тақдирланадиган “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилиши бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган тизимли ва таркибий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади ҳамда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва реализация қилишни жадаллаштиради.

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Аграр ва

сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!