Today.uz: O‘zLiDeP Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги вазифаларни белгилаб олди

Ташрифлар: 285

Сана: 19.06.2017 1:45

Жорий йилнинг 14-феврал куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда O‘zLiDeP матбуот хизмати. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқувчи вазифаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Мажлисда мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаёт, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантиришда аҳоли фаоллигини ошириш йўлида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу ислоҳотлар жараёнида сиёсий партиялар, шу жумладан O‘zLiDeP фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий, айниқса сайлов жараёнларидаги фаоллигини ошириш, уларнинг иродаси ва фикрини ифода этиш, марказ ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини шакллантиришдаги иштирокини кенгайтиришнинг муҳим воситасига айланди.

Тадбирда сўз олганлар таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг миқёсли ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Ҳаракатлар стратегиясига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилгани O‘zLiDeP фаоллари ва депутатлик корпусига алоҳида масъулият юклайди.

Мажлисда Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши O‘zLiDeP, унинг депутатлик корпуси, ҳудудий ташкилотлари ва партия фаоллари олдида турган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида пухта ўрганилиб, таҳлил қилинди. Аввало Стратегиянинг биринчи йўналиши – давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлатнинг ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришда партия иштирокини таъминлаш масалалари хусусида сўз юритилди.

Партия электоратининг манфаатлари, тадбиркорлар ва фермерлар билан жойларда ўтказилган учрашувларнинг натижаларидан келиб чиқиб, мажлисда Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусий мулкни, молия бозорини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этишни қамраб оладиган комплексли вазифалар кўриб чиқилди. Умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурларини рўёбга чиқариш устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Ҳаракат стратегиясида қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кўзда тутилган чора-тадбирлар партия сайловолди Дастури ва электорати манфаатларига ҳамоҳангдир. Тадбирда партия ҳудудий ташкилотлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиши, аҳоли уларга эркин мурожаат эта олишини таъминлашда бевосита иштирок этишлари лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Сиёсий Кенгаш мажлисида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг янги рамзини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда партия Сиёсий Кенгашининг Ўзбекистон тадбиркорлари ва фермерларига Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишга чорловчи мурожаати қабул қилинди. Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

today.uz

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!