Томорқа – юқори даромад манбаи

Ташрифлар: 577

Сана: 19.05.2017 15:45

буни ховослик тадбиркорлар яхши билади

Сирдарё вилоятининг Ховос тумани “Чаманзор” маҳалласи азалдан ишбилармон ва тадбиркорлари билан ном қозонган. Ҳозирда ҳудудда ўз бизнесига эга оилалар кўпчиликни ташкил этади. Каттаю-кичик бари меҳнаткаш, қўлида ҳунари бор. Бу ерни ишбилармонлар маҳалласи, деса ҳам бўлади. Нега десангиз, бугун маҳаллада ҳавас қилса арзигулик тадбиркорлар кўплаб топилади.

 Айни чоғда, маҳаллада кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг самарали фаолият юритиши, шунингдек, томорқадан унумли фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилаётгани юксак самара бермоқда. Айниқса, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланишга эътибор кучайтирилгани йилнинг тўрт фаслида ҳам арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Зеро, қўшимча даромад эвазига оиланинг турмуш фаровонлиги ортмоқда, бозорларимиз тўкинлиги таъминланмоқда.

Ховос тумани “Ҳожи Гадойбой ота” хусусий корхонасида аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, уюшмаган ёшлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, қишлоқларда оилавий бизнесни ривожлантириш мақсадида “Аҳолини томорқалардан унумли фойдаланишга ўргатиш ва ёшларни тадбиркорликка жалб этиш” мавзуида ташкил этилган семинарда айни шу жиҳатлар алоҳида эътироф этилди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Турдиев, партия Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Ф.Абдусатторов, Ховос тумани ҳокими Р.Бобоев, уюшмаган ёшлар ва коллеж ўқувчилари иштирок этган мазкур тадбирда иштирокчилар Ховос туманида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган иссиқхонада экинларни етиштириш ва парвариш қилиш усуллари, агротехникаси билан яқиндан танишди.

–Ҳар биримиз ҳам кундалик эҳтиёж учун зарур помидор, бодринг ёки бошқа резаворларни харид қиламиз, – дейди “Хожи Гадойбой ота” хусусий корхонасига қарашли иссиқхона раҳбари Собир Шокиров. – Ўйлаб қарасак бунга талаб юқори. Рўзғор учун керакли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми эса аҳоли томорқаларида етиштирилмоқда. Бу ортиқча ҳаражатларнинг олдини олиб, оила бюджетини тежаш имконини бериш баробарида, аҳолининг бўш вақтини самарали ўтказиш, фарзандларимизда меҳнатга меҳр ва кўникмани шакллантириш имкониятини яратмоқда.

 “Чаманзор” – Ховос шаҳарчасидаги обод маҳаллалардан бири. Маҳаллада томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлигини таъминлаш билан бирга, эл дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган омилкорлар кўп.  Улар, асосан, помидор, бодринг, сабзавот ва кўкат етиштиради. Қишнинг қаҳри кетиб улгурмай, томорқадаги юмушларни бошлаб юборадиган бу миришкорлар эртапишар ҳосиллардан  мумай даромад олади.

–Илгари бу иссиқхоналар қаерда эди дейсиз. Мустақиллик туфайли ўз эркимизга, еримизга эга бўлдик. Бугун томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда, – дейди O‘zLiDeP Ховос туман Кенгаши аппарат раҳбари Баҳодир Уралов. – Маҳалладаги хонадонларда нафақат ёзда, балки қишда ҳам ҳосил етиштириш, ундан мўл даромад олишга эришиляпти. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланаётган ишбилармонлар оилалари фаровонлигини таъминлаш баробарида эл дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Одатда, шаҳар хонадонларида томорқа майдонлари унча катта бўлмайди, дерсиз.  Лекин Ховос шаҳарчаси “Чаманзор” маҳаллада яшовчи С.Шокировлар оиласи ер билан тиллаша олган миришкорлардан. 2016 йилнинг ноябрида иссиқхона қурушни бошлаган тадбиркор ҳозирда 43 тонна ҳосил олиб, мумайгина даромад олишга ҳам улгурди.   

– Ҳақиқатан ҳам, томорқа нафақат қўшимча даромад манбаи, балки унинг фарзандлар тарбиясидаги роли ҳам бебаҳодир, – дейди С.Шокиров. – Болаларимиз ҳалол меҳнат билан яшашни, ўз кучи билан даромад топишни ўрганмоқда. Ота-онанинг қадрига етадиган бўлиб улғаяпти, ўсаяпти. Деҳқончилик қилиб кам бўлмадик, оила аъзоларимиз, маҳалладаги хотин-қизлар бандлигини таъминладик, уйимизни замонавий кўринишда қайта таъмирладик. Буларнинг барчаси ўз меҳнатимиз, энг муҳими, давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар самарасидир. 

 Ҳа, бугун замон тадбиркорники. Буни йилнинг тўрт фаслида ҳам ишлайман, ўзимга ҳам, юртимга ҳам, одамларга ҳам фойда келтираман, деб меҳнат қилаётган ховослик тадбиркорлар яхши билади. Келинг, сиз ҳам тадбиркор бўлинг, оилангиз даромади, юртингиз равнақига  ҳисса  қўшинг!  

Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ,

O‘zLiDeP фаоли 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!