Томорқадан қанча даромад олиш мумкин?

Ташрифлар: 381

Сана: 11.04.2017 17:06

Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва даромадларини ошириш мақсадида тумандаги тижорат банклари томонидан шу кунгача 3 минг 795 та хонадонга жами 6 млрд 820 млн.сўм кредит ажратилган. Натижада 60 та хонадонда иссиқхона, 12 та хонадонда ёнғоқ кўчати етиштириш, 26 та хонадонда паррандачилик, 618 та хонадонга қорамолчилик ҳамда 407 та хонадонга узумчилик, қўйчилик, қуёнчилик, асаларичилик ташкил этилди.

Мазкур амалий ишларни изчил давом эттириш мақсадида O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Тайлоқ туманида “Аҳолининг шахсий томорқа ва деҳқон хўжалигига асосланган тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга кўмаклашиш” мавзуcида семинар ташкил этилди.

Семинар иштирокчиларга мутахасисслар томонидан томорқадан унумли фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни самарали ташкил этиш, солиқ имтиёзлари, банк кредитларидан унумли фойдаланиш бўйича зарур маълумотлар берилди. Тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи идора ва ташкилотлар фаолиятига оид кўргазма ташкил этилди.

Амалий семинар давомида хотин-қизлар, уюшмаган ёшлар қатлами билан ишлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш, бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

– Мен шу йил Тайлоқ қишлоқ хўжалик коллежини агрономия йўналиши бўйича ўқишни тугатаман, – дейди Шерзод Маманазаров. –Томорқамизда балиқчиликни ривожлантириш учун етарли шароит мавжуд, аммо банкдан кредити олишда муаммолар юзага келди. Амалий семинар давомида бизнес режам билан танишган мутахассислар "Агробанк" Тайлоқ туман филиалидан кредит олишда ёрдамлашадиган бўлишди. Агар режам амалга ошса балиқ етиштиришни янада кенгайтириб, 3 турдаги консерва маҳсулоти тайёрлайдиган замонавий технология ўрнатишни режалаштирганман.

Семинарнинг амалий қисмида иштирокчилар тумандаги “Таллиота” ва “Янги Тайлоқ”, “Чарағбон” маҳаллалариидаги хонадонларда бўлиб, бу ерда аҳоли томорқаларида сабзавот экинлари, иссиқхоналарда етиштирилаётган лимон ҳамда сабзавот кўчатларини етиштириш усуллари ҳамда агротехникаси билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, иштирокчиларга томорқада иссиқхона қуриш тартиби тушунтирилди.

—Бир сотихлик иссиқхона қуриш учун узунлиги 18-20 метр, эни 6 метр бўлган майдон танланиши маъқул, - дейди “Агробанк” туман филиалидан 140 милн. сўм кредит олиб иссиқхона ташкил қилган Шодибек Баракаев. —Бир қаватли полиэтилен плёнка билан қопланган, бир сотихлик иситиладиган иссиқхона тиклаш учун металл, симлар, таянч устунлари, бетон қоришмалари, пайвандлаш, тупроқ ишларига кетадиган сарф-харажат 350-400 минг сўмдан ошмайди. Бунга полиэтилен плёнка, транспорт иситиш, дорилаш харажатлари қўшилса, иссиқхонанинг жами нархи 700-750 минг сўмга боради.

Шодибек ака иссиқхона қуриш механизмини тушунтирар экан, олинадиган даромад ҳақида ҳам айтиб ўтди.

—1 сотих ердан 80-100 мингта кўчат олинса, очиқ ерга сотиш даврида 1 дона помидор кўчатининг нархи 80-100 сўм бўлганда, жами даромад 8 млн. сўмни ташкил қилади, жами харажатлар парникни қуриш, уруғлик, иситиш ва бошқа харажатлар 2 млн. сўмни ташкил қилса, соф фойда 6 млн. сўмни ташкил қилиши мумкин, - дейди у.

Семинарда тадбиркорлик ва томорқачилик фаолиятини амалга ошириш истаги бўлганлар учун зарур маслаҳат ва тушунтиришлар бериб, уларга маҳсулот ишлаб чиқариш, ҳунармандлик, тикувчилик, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, иссиқхона ёки устахона ташкил этиш, савдо фаолиятини йўлга қўйиш каби 20 дан ортиқ фаолият турлари бўйича кредитлар олиш тавсия этилди.

Қодир Шоимов,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

бизнес тузилмалар ва фермерлар

 билан ишлаш бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!