Обод юртга байрамлар ярашади!

Ташрифлар: 82

Сана: 09.12.2016 10:25

Мана шундай тинч ва осойишта юртда байрамлар байрамларга, хурсандчиликлар шодиёналарга уланаверади. Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги кенг нишонланмоқда. Зеро, Бош қонунимизнинг мазмун-моҳияти, ҳаётий аҳамияти ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Шу маънода O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари Университетида “Конституция – адолат кўзгуси” мавзуида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда сўз олганлар Асосий қонунимизнинг “Жамоат бирлашмалари” деб номланувчи XIII боби, айниқса, сиёсий партияларнинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва роли тўғрисида кенг қамровли маълумотлар берилди.

Жумладан, партия Тошкент шаҳар Кенгаши раис ўринбосари Д.Бобожонова “Конституция – ҳуқуқимиз кафолати” мазуидаги маърузасида Асосий қомусимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мустаҳкам қонуний кафолати бўлиб хизмат қилаётганлигини таъкидлади.

—Конституциямиз халқаро ҳуқуқнинг демократик тамойилларига тўла мос келади ва ривожланган демократик давлатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ижобий жиҳатларини ўзида тўлиқ ифодалайди, - дейди  ЎзДЖТУ ректори Ғ.Раҳимов. —Шунингдек, унда халқимизнинг тарихий анъаналари ва миллий хусусиятлари ҳам ўз ифодасини топиб, тенглик, эркинлик, биродарлик, халқаро ва миллатлараро дўстлик, тинчлик, бағрикенглик ғоялари ҳам акс этган. Шу маънода ҳам Конституциямиз миллатни миллат, халқни халқ қиладиган асосий ҳуқуқий ҳужжатдир.

Тадбир давомида Конституциямизда муҳрланган демократик тамойиллар ва умуминсоний қадриятларнинг ҳаётимизга янада чуқурроқ кириб бориши учун таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ижтимоий ҳамкорлигини таъминлаш, ёшлар орасида Конституциямиз ғоя ва қоидаларини кенг тарғиб қилиш масалалари бўйича амалий таклифлар билдирилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида талабалар томонидан Конституциямиздаги мавжуд нормалар аск этган саҳна кўринишлари йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

        У.Ишанходжаев, O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши

Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлим мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!